Самарқандга 350 та электробус етказилади

Фото: Министерство транспорта

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида Самарқанд шаҳридаги жамоат транспорти учун 350 та электробус харид қилиш ва тегишли инфратузилмани яратиш бўйича 95 млн долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу ҳақда вилоят транспорт бошқармаси матбуот хизмати хабар берди, деб ёзади “Газета” нашри.

Лойиҳа 2 босқичда амалга оширилиши режалаштирилган. Ҳозирда биринчи босқич бўйича ишлар кетмоқда. Жумладан, узунлиги 10,5 метр бўлган дастлабки 100 та электробус учун ускуналар харид қилиш ва электробус паркини қуриш мақсад қилинган.

100 та электробус сотиб олиш бўйича ўтказилган халқаро тендер натижаларига кўра, Хитойнинг Yutong Bus Co.Ltd компанияси ғолиб бўлган. Компания «Самарқанд йўловчи транс» давлат корхонаси билан 29,7 млн евро миқдорида шартнома имзолаган.

100 та электробусдан 6 таси 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида, қолган 94 таси эса учинчи чорак якунигача етказиб берилиши маълум қилинди.

Гагарин кўчасида электробуслар депоси қуришнинг бош режаси ва лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилди. Ҳужжатлар экспертиза учун топширилган.

Электробусларни вақтинча сақлаш ва ишлатиш учун Самарқанд шаҳридаги трамвай линияларидан фойдаланиш дирекциясига қарашли трамвай депоси ҳудудида электр тармоқларига улаш бўйича тендер эълон қилиниши режалаштирилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.