Самаркандда ЮНЕСКОнинг 43-сессияси ўтказилишига тайёргарлик ишлари бошланади
15 март куни «2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси Самарқанд шаҳрида ўтказилишига тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-128) қабул қилинди. Қарорга кўра, Сессия “Silk Road Samarkand” сайёҳлик мажмуасида ўтказилади.
Сессияга тайёргарланиш учун Самарқанд шаҳридаги тегишли маданий мерос объектларини асрашга доир ишлар ҳамда иммерсив ва мавзули кўргазмалар ташкил этилади ва маданий ёдгорликларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича халқаро тадқиқот марказига аъзо бўлиши учун расмий ариза топширилади.
“Ўзбекистондаги шаҳарларни, ноёб маданий ва табиий мерос объектларини тегишлича ЮНЕСКОнинг Ижодкор шаҳарлар ҳамда Таълимни тарғиб этувчи шаҳарлар тармоқларига, халқаро рўйхатларига киритиш чоралари кўрилади”, – дейилади хабарда.
Сессиянинг мамлакатда ўтказилишининг аҳамияти, шунингдек, Ўзбекистон жаҳон сиёсатининг марказларидан бирига, глобал ташаббуслар муаллифига айланиб бораётганини атрофлича очиб беришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари ташкил этилиши ҳам режалаштирилган.
Шарҳлар