Президент Уйчи туманидаги саноат зонасида бўлди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига сафари давомида Уйчи туманидаги “Қумтепа” ёшлар кичик саноат зонасида бўлиб, бу ерда ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди ва темирчи ҳунармандлар билан суҳбатлашди.

2021 йилда бу ерда темирчиликка ихтисослашган саноат зонаси ташкил этилиб, хонадонлардаги уста-ҳунармандларга зарур шароитлар яратиб берилган. Уч гектар майдонни эгаллаган мажмуа йўл, энергия, ичимлик ва оқова сув каби барча инфратузилма билан таъминланган. Шу билан бирга, энергия тежамкор усуллар жорий этилиб, қуёш панелларидан самарали фойдаланилмоқда.

Хабарга кўра, «саноат зонасида биринчи босқичда 52 та лойиҳа амалга оширилиб, 1 минг 500 дан ортиқ иш ўрни яратилган. Усталар хомашёни  заводлардан олиб, темирдан дарвоза, эшик, сўри, панжара ва бошқа металл буюмлар ишлаб чиқармоқда ва қўшни давлатларга ҳам 1,2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилишган».    

Иккинчи босқичда яна 45 та лойиҳани амалга ошириш, 1 минг 330 та қўшимча иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Сайхунобод тажрибаси асосида 14 та тумандаги 788 та маҳаллага иқтисодий идораларнинг раҳбар ва масъул ходимлари бириктирилган. Улар “маҳалла еттилиги” билан бирга 557 минг хонадондаги имкониятларни ўрганган.

«Мен Сайхунободда бу йил иқтисодиётимизда ҳаётий уйғониш ва юксалиш йили бўлади дедим. Мақсад – инсон салоҳиятига капитал йўналтириш, уни ҳаракатга ундаш, дунёқарашни ўзгартириш. Уйчи тумани ҳам иқтисодиёти оғир ҳудуд. Ушбу тизим асосида ишсизларга томорқадан даромад топиш, ўз ишини очиш, қобилиятини юзага чиқаришга кўмаклашиш керак», – деди Президент.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.