Саратонни янги усулда даволаш йўли топилди
Швециялик олимлар тадқиқотлар натижасида саратон ҳужайраларини қайта дастурлаш усулини ишлаб чиқди. Шу аснода хавфли ҳужайраларни онкологик ўсмалар атрофидаги ҳимоя тўсиғини бузишга қодир бўлган cДC1 турига мансуб махсус иммун ҳужайраларига айлантириш усули кашф қилинди.
Тадқиқотчилар организмдаги касаллик ўчоғига ПУ.1, ИРФ8 ва БАТФ3 деб номланган учта оқсилни етказишда аденовируслардан фойдаланган. Шу аснода қайта дастурлаштирилган ҳужайралар зарарли хусусиятларини йўқотиш баробарида, иммунитет тизимидаги Т-лимфоцитларни фаоллаштириш орқали ўсимта билан жадал кураша бошлади.
Маълумки, саратоннинг кўплаб турлари иммун тизими ишлашига ҳалақит берувчи ҳимоя механизмларини ҳосил қилиш хусусиятига эга. Швед олимлари таклиф этаётган усул ана шу тўсиқларни ичкаридан бартараф этиб, ўсимта ҳужайраларини ўз-ўзини йўқ қилиш қуролига айлантиради.
Мазкур даволаш технологияси мавжуд иммунотерапия муолажалари билан биргаликда юқори самара бериши айтилмоқда.
Қайта дастурлаштирилган ҳужайралар сичқонлар организмига киритилгач, кемирувчиларда ўсимта ривожланиши жараёни сезиларли даражада секинлашгани кузатилди. Янги усул иммунотерапия билан бирга қўлланилгач, ўсимта ўсишини бутунлай тўхтатишга эришилди. Ўз навбатида, тажриба ҳайвонларида неоплазмаларнинг қайталанишига қарши узоқ муддатли иммунитет ҳосил бўлди.
Инсон ҳужайраларида ўтказилган тажрибалар ҳам янги даволаш технологиясининг самарадорлигини тасдиқлади. Энди бу хулоса клиник синовларда ҳам ўз тасдиғини топиши керак. Мазкур тадқиқот натижалари АҚШнинг “Сcиенcе” илмий журналида чоп этилди.
Шарҳлар