Жаҳл устида мижозининг сочини калга олиб ташлаган сартарош узр сўради 

Фото: видеодан нусха

Ижтимоий тармоқларда сартарош мижоз сифатида келган йигитнинг сочини жаҳл устида калга олиб ташлагани акс этган видеолар тарқалган.

Видеода йигит соч ва соқолини қандай олишни нотўғри тушунтиргани учун сартарошнинг жаҳли чиққанини ва калга олиш орқали ундан қасд олганини кўриш мумкин. Шунингдек, сартарош бу ишни қилишдан олдин ундан нима ишда ишлашини сўраб олган. Йигит бобосининг қўлида ишлашини айтган.

«“Кимни чақирасан энди, бувингни чақирасанми?” — деган сартарош. Йигит шунда ҳам ундан узр сўраган ва адашганини айтган», – деб ёзмоқда Дарё.

Сартарош эса қилган ишига қуйидагича изоҳ берган ва узр сўраган: “Хизмат вақтимда менга нотаниш бўлган фуқаро соч олдириш учун келди. Сочингни олайми, соқолингними, деб 3-4 марта сўрадим. У сочимни олинг, соқолимни олинг, деди. Жаҳл устида қизишиб кетиб калга олиб ташладим. Ундан, ота-онаси, ака-укалари, яқинларидан узр сўрайман. Ҳолат бўйича ҳар қандай жазога розиман. Қилган ишимдан пушаймонман. Ўзбекистон халқидан узр сўрайман”.

Вилоят ИИББга кўра, ҳолат 2022 йилнинг октябрь ойида содир бўлган ва ижтимоий тармоқларга тарқалгунга қадар ёки ўтган давр мобайнида ИИОга мурожаат келиб тушмаган. Ҳолат юзасидан белгиланган тартибда қонуний чора кўрилиб, натижаси бўйича жамоатчиликка ахборот берилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.