Саудия компаниялари яқин беш йил ичида Ўзбекистоннинг энергетика мажмуасига 10 млрд доллар инвестиция қилиш ниятида

Источник: Минэнерго

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, Саудия Арабистони Энергетика вазирлиги ва Саудия компаниялари ўртасида умумий қиймати 12 млрд доллар бўлган учта йирик келишув имзоланди. Энергетика вазирлигининг маълумотига кўра, ҳужжатлар президент Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига давлат ташрифи давомида имзоланган.

Битимлардан бири ACWA Power компанияси томонидан Қорақалпоғистон Республикасида қуввати 1,5 ГВт бўлган шамол электр станциясини қуришни кўзда тутади. Ушбу лойиҳа нафақат минтақадаги, балки бутун дунёдаги энг йирик шамол станциясига айланади. Шамол станцияси қуввати 1,65 миллион хонадонни электр энергияси билан таъминлаш ва йилига 2,4 миллион тонна углерод чиқиндилари чиқишини олдини олиш имкониятига эга бўлиши режалаштирилган.

Яна бир келишув ACWA Power ва Air Products компаниялари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасида “яшил” водород бўйича илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш ва кейинчалик уни ишлаб чиқаришни кўзда тутади.

Шунингдек, Саудия томонининг Ўзбекистон Республикаси энергетика комплексига яқин 5 йилда 10 миллиард доллар сармоя киритиш ниятини билдирувчи ҳужжат ҳам имзоланди. Унинг доирасида қатор истиқболли йўналишларда лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Ўзбекистонда Саудия Арабистонида фаолият кўрсатувчи ҳамкорлар билан биргаликда энергетика соҳасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, «ACWA Power» компанияси Бухоро вилоятининг иккита туманида ҳар бири 500 мегаватт қувватга эга иккита шамол электр станциясини қурмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг Қораузак туманида 100 мегаватт қувватга эга шамол электр станцияси қурилмоқда.

Айни пайтда Саудиянинг ушбу компанияси Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида қуввати 1500 мегаватт бўлган иссиқлик электр станциясини қурмоқда ва уни 2023 йилнинг тўртинчи чорагида фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Ушбу 3 та шамол электр станцияси ва Сирдарёдаги иссиқлик электр станциясининг умумий қуввати 2600 мегаваттни ташкил қилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.