Ангренда «Save Aral – 2021»нинг навбатдаги босқичи бўлиб ўтди

19 октябр куни Ангрен шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Енгил атлетика федерацияси, Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси томонидан, Тошкент вилоятининг ҳокимияти кўмагида ташкил этилган «Save Aral – 2021» нинг навбатдаги босқичи бўлиб ўтди.

«Save Aral – 2021» спорт пойгаларини ўтказиш концепцияси «Ёшларни қўллабқувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» нинг давлат дастурида белгиланган мақсадлар ва вазифаларга мос келади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга бўлган мурожаатида, мамлакатни ривожлантириш ҳаётида аҳоли, айниқса ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини кенг жорий этиш масаласи энг муҳим бўлган устунликлардан бири бўлиши кераклиги таъкидлаб ўтилган.

Атроф-муҳит ҳимояси, табиат заҳираларидан рационал фойдаланиш, экологик фикрлаш ва аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш масалалари «Save Aral» ташаббуси доирасида катта аҳамият касб этмоқда ва эътибор жалб қилмоқда. Ангренда, Ўзбекистон кўмир саноатининг марказида бўлгани каби, шаҳар ҳокимиятининг кун тартибидаги масалалардан бири сифатида шаҳар аҳолисининг саломатлик даражаси ҳақида ғамхўрлик қилиш масаласи қолмоқда. Тошкент вилоятининг ҳокимияти «Save Aral – 2021» пойгасини ташкиллаштиришда фаол равишда иштирок этган ҳолда, ушбу спорт тадбирига ҳам ўқувчилар, ҳам катта ва ўрта ёшдаги инсонларни жалб қилишга муваффақ бўлди.

Бўлиб ўтган пойганинг ғолиби, Ангренда туғилган Хасан Мирсаатов 9 йилдан буён енгил атлетика билан шуғулланади. “Save Aral” да иштирок этишига тренери сабабчи бўлди, мана икки йил бўлдики, у спорт пойгасининг энг фаол иштирокчиси бўлиб ҳисобланади. Бу сафар у, масофани 8 дақиқа ва 23 сония ичида босиб ўтиб, энг яхши натижани кўрсатди. Хасан – жисмоний тарбия институтининг талабаси, келажакда у Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Олимпия ўйинларида иштирок этишни ва давлати учун олтин медални ютиб олишни орзу қилади.

“Ҳаттоки “Save Aral” каби профессионал бўлмаган пойгалар ҳам, бизга, спортсменларга ўзимизнинг кучли ва заиф томонларимизни кўришга, хатоларимиз устида иш олиб боришга, чидамлилик ва кучни ривожлантиришга ёрдам беради. Спорт соҳасидаги карьерамда белгиланган мақсадларга эришганимдан кейин, мен биринчи навбатда ўз она шаҳримга ва унинг инсонларига ёрдам беришни истардим – спорт базасини қуришга, соғломлаштириш марказларини очишга, яшил ҳудудларни яратишга”.

“Save Aral-2021”нинг яна бир иштирокчиси, 36 ёшлик Маргарита Имудинова, ўзининг дугонаси Евгения Тисин билан биргаликда пойгада ўз кучини синаб кўришга қарор қилди.

“Мен югуриш билан ҳаваскор даражасида атиги 8 ойдан бери шуғулланиб келмоқдаман, фақат Евгения туфайли, у эса профессионал спортсмен, мен енгил атлетика билан шуғулланишни бошладим. Евгения атиги 20 ёшда бўлишига қарамай, у ниҳоятда зўр тренерлик қобилиятига эга, у мени спорт билан шуғулланишга, ўзимнинг ялқовлигим, бефарқлик ва ёмон кайфият билан курашишга давъат қилади. Айнан у менга “Save Aral-2021”да иштирок этишни таклиф қилди. 3 километр югуриб ўтиш ўзи эмас, бунинг ўз хусусиятлари мавжуд – сен энди тезликни оширишни бошлар экансан, олдингда финиш кўриниб туради. Ушбу пойга мен учун жуда яхши тажриба бўлди. Бундай тадбирлар тез-тез ўтказилишини истардим”.

Соҳибахон Усмановага Ангрен шаҳрининг ҳокимияти ва Енгил атлетика федерацияси томонидан совға сифатида тоғ велосипеди топширилди.

“Энди мен янги спорт турини ўзлаштираман  – табассум билан гапиради Соҳибахон Усманова, – Менинг 64 ёшимда – бу муаммо эмас, невараларим билан бирга ўрганаман. Ўрмон хўжалиги бошқарувида ишлаш мени доимо ҳаракатда бўлишга ўргатди. Мен деярли ҳар куни 5, баъзан эса 10 километр пиёда юриб ўтаман. Бу менга тонусда бўлишга ёрдам беради ва барча яқинларимни ҳам спортга жалб этишга ҳаракат қиламан. “Save Aral-2021” пойгасида биз бутун оиламиз билан қатнашдик”.

Ангрен шаҳрининг № 33 мактаби ўз ўқувчиси – Абишев Артурни қўллаб-қувватлашга келди, у чекланган имкониятларига қарамай, “Save Aral-2021”да иштирок этиш учун ариза топширди. Артур “Ғалаба сари интилиш” номинациясида эсдалик совғаси билан тақдирланди.

“Менинг қатнашганим бошқа инсонлар учун намуна бўлишини хоҳлардим, – деб ўртоқлашади ўз фикрлари билан Артур, – Ўзини ҳали қабул қилмаган, фаол ижтимоий ҳаётни олиб боришдан қўрқаётган инсонлар учун спорт ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтишга ёрдам беради, ҳам ички, ҳам ташқиларини”.

«Save Aral» пойгаси шаҳарларнинг бирида атиги бир кун ўтказилишига қарамай, ташкилотчилар ушбу ташаббусни ривожлантиришни ва эҳтимол, республиканинг катта ва кичик шаҳарларида югуриш спорт клубларини ташкил этиш бўйича таклиф киритишни режалаштиришмоқда. Маҳаллий фуқаролар шаҳар ҳокимияти билан бир қаторда катта қизиқиш билан ушбу тадбирда иштирок этмоқдалар. «Save Aral» ташаббуси асосида бутун бир спорт ҳаракатини шакллантиришнинг шубҳасиз иложи бор, ва бунинг учун фуқароларнинг фаоллиги ҳамда ушбу сектор учун масъулиятли ва ваколатли тузилмаларнинг бунга тайёрлиги зарур.

Бизни қўллабқувватланг:

Facebook:@SaveAral2021
Instagram: @marathon_aral2021

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.