Сенат 21 ёшдан кичик шахсларга тамаки ва алкоголь сотишни тақиқлайдиган қонунни маъқуллади

Сенатнинг  ўттиз олтинчи ялпи мажлисида “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонун маъқулланди.

Қонун билан алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича бир қанча янгиликлар киритилиши кутилмоқда.

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсирини профилактика қилишнинг давлат томонидан кафолатланиши алоҳида аҳамият касб этади.

Шу боисдан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилиш ва ушбу шахслар томонидан реализация қилиниши, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш жараёнига ушбу шахсларни жалб этиш тақиқланмоқда. Ушбу ёш чегараси амалдаги Қонунга нисбатан узайтирилмоқда.

Бундай маҳсулотларни сотувчининг бевосита иштирокисиз, шу жумладан савдо автоматлари орқали, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш токчаларидан ва электрон тижорат кўринишида (кўпикли ва табиий винолар бундан мустасно) сотиш мумкин эмас.

Алкоголли ва тамаки маҳсулотлари ҳамда тамаки ва никотиндан фойдаланишга мўлжалланган асбобларни соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари ва муассасалари, таълим, маданият, спорт ва соғломлаштириш муассасалари, оромгоҳлар, тиббий-ижтимоий муассасалар ҳудудида сотиш мумкин эмас. Ушбу рўйхатга йўловчи ташиш ва шахсий хизматлар кўрсатиш учун мўлжалланган темир йўл вокзаллари, автовокзаллар, аэропортлар, дарё портлари ва метро бекатлари ҳудудлари ҳам киритилган. Божсиз дўконлар учун истисно мавжуд.

Шунингдек, болалар ўйинчоқлари, ширинликлари ёки бошқа болалар маҳсулотларига тақлид қилувчи бундай маҳсулотларни сотиш ҳам тақиқланган.

Қонуннинг янги таҳрири алкоголь ва тамаки маҳсулотларидан фойдаланиш тақиқланган жамоат жойлари рўйхатини сезиларли даражада кенгайтирди. Хусусан, чекиш ва ичиш қуйидаги жойларда тақиқланади:

– болалар ва ҳомиладор аёллар бор бўлган автомобилларда;

– темир йўл вокзаллари, автовокзаллар, аэропортлар, дарё портлари, метро бекатлари биноларига кириш жойларидан 15 метрдан кам масофада жойлашган очиқ жойларда;

– кўп қаватли уйларнинг кириш жойлари ва лифтларида, шунингдек, болалар ва спорт майдончаларида, шу жумладан уйлар атрофларида жойлашган болалар ва спорт майдончаларида;

– савдо ва хизматлар кўрсатиш объектларида ва ҳоказо.

Янги таҳрирдаги “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонун Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланганидан кейин уч ой ўтгач кучга киради.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.