Сенат аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишни кучайтириш ҳақидаги қонунни маъқуллади

Фото: пресс-служба Сената

Сенатнинг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлисида “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди. Бу ҳақда парламент юқори палатасининг матбуот хизмати хабар беради.

Қонун билан “оилавий (маиший) зўравонлик” яъни хотинига ёки эрига, собиқ хотинига ёхуд собиқ эрига, бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган зўровонлик учун тегишлича маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.

Шунингдек, эндиликда жинсий зўравонлик, шу жумладан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари тадбиқ этилмаслиги белгиланиб, бундай жиноятлар учун жазо чоралари янада оғирлаштирилмоқда.

Бундан ташқари, хотин-қизларга нисбатан шаҳвоний мазмундаги ҳаракатлар содир этганлик, таъқиб этганлик ҳамда ота-она ўз вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш борасидаги мажбуриятларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Қонунчиликка киритилаётган асосий ўзгартиришлардан яна бири шундаки, амалдаги қонунчиликка кўра номусга тегиш ҳамда жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш каби жиноятларни квалификация қилишда жабрланувчининг ёши айбдорга аён бўлиши асосий мезонлардан бири бўлган бўлса, эндиликда ушбу қоида бекор қилинмоқда, яъни айбдорнинг жабрланувчи ёшини билмаслиги уни Жиноят кодекси моддаларининг тегишли қисмларида назарда тутилган жавобгарликдан озод қилмайди.

Шу билан бирга, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонликни содир этган шахсларнинг болаларга таълим, тарбия бериш, шунингдек болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланишини тақиқлаш ҳамда бу турдаги жиноятларни содир этган шахсларнинг рўйхатини юритиш кўзда тутилмоқда.

Сенат томонидан маъқулланган қонун Ўзбекистон президенти томонидан имзоланганидан кейин кучга киради.

Сенат раиси Танзила Нарбаева ўз нутқида аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар бўйича суд амалиётини умумлаштиришни сўраб Олий судга мурожаат қилди. Шунингдек, у Олий суддан янги тузатишларни суд амалиётида тўғри қўллашга қаратилган пленум қарорини қабул қилишни сўради.

Танзила Нарбаева Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигига оилада аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш, суриштирув ва тергов ҳаракатларини ўтказишда қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш борасидаги ишларни фаоллаштиришни тавсия қилди.

Тузатишлар вазирлик ва идоралар, нодавлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек, фуқаролик фаоллари, жумладан Nemolchi.uz лойиҳаси фаолларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан бир йил давомида ишлаб чиқилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.