Сенат давлат мулкини бошқариш тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Источник: senat.uz

Сенатнинг йигирма еттинчи ялпи мажлисида сенаторлар “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги Қонунни маъқуллади. Муҳокамада сенаторлар бугунги кунда давлат мулкини бошқариш бўйича ягона Қонун мавжуд эмаслигини, ушбу соҳани тартибга солувчи амалдаги қонун ҳужжатларида давлат мулкига эгалик қилиш, жумладан қайси мулкларни давлатда сақлаб қолиш, қайсиларини хусусийлаштириш бўйича аниқ мезонлар белгиланмаганлигини таъкидлади.

Шунингдек, республикада 25 мингга яқин давлат муассасаси ва 2 мингдан ортиқ давлат иштирокидаги корхоналар мавжудлиги, иқтисодиётда давлатнинг иштироки юқорилиги, жумладан, республикада фаолият кўрсатаётган 2 113 та корхона 70 дан ортиқ вазирлик ва идоралар томонидан бошқариб келинаётганлиги қайд этилди.

Янги Қонун билан давлат мулкини бошқариш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинмоқда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларига муниципал мулкларни белгиланган мезонлар доирасида сотиш, ижарага ва ишончли бошқарувга бериш ваколати Қонун билан белгилаб берилмоқда.

Давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарувни жорий этишнинг асосий йўналишлари, давлат мулкидан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш механизмини жорий этишда давлат мулкини бошқариш субъектларининг ваколатлари белгиланмоқда. Шунингдек, давлат мулкини бошқаришда ҳисобдорлик, шаффофлик ва маълумотларни ошкор қилиш талаблари ўрнатилмоқда

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.