Сенат Халқаро меҳнат ташкилотининг Қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисидаги Конвенциясини ратификация қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллади

Источник: senat.uz

Сенаторлар “Халқаро меҳнат ташкилотининг Қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисидаги 167-сонли Конвенциясини (Женева, 1988 йил 20 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонунни маъқуллади.

Конвенция 1988 йил 20 июнда ХМТ Бош конференцияси сессиясидан қабул қилинган. Конвенция қурилиш фаолиятининг барча турларини, яъни қурилиш, фуқаролик қурилиши, монтаж ва демонтаж ишларини, шу жумладан қурилиш майдонидаги майдонни тайёрлашдан то объект қуриб битказилгунга қадар ҳар қандай жараёнлар, операциялар ёки транспортда ташиш ишларини қамраб олади.

Муҳокамаларда сенаторлар Ўзбекистонда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси талабларига риоя қилиш ҳолати, бу борадаги асосий муаммоли нуқталар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Мазкур конвенция 32 давлат, шу жумладан Россия Федерацияси, Беларусь ва Қозоғистон каби МДҲ мамлакатлари томонидан ратификация қилингани қайд этилди. Шунингдек, Конвенциянинг аксарият норма ва қоидалари миллий қонунчиликка татбиқ этилгани алоҳида таъкидланди.

Ушбу конвенциянинг ратификация қилиниши қурилиш соҳасига меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бўйича халқаро стандартларни самарали жорий этишга хизмат қилади. Бу, айниқса, мамлакатимизнинг меҳнаткашлар ҳуқуқлари кафолатини таъминлашда асосий халқаро принцип ва стандартларга содиқлигини кўрсатади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.