Сенаторлар маданий мерос объектларини қуриқлашни кучайтириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Источник: senat.uz

Сенатнинг йигирма учинчи ялпи мажлисида сенаторлар “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни маъқуллади.

Қонун муҳокамаси давомида, Сенат томонидан Бухоро, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида олиб борилган ўрганишлар мобайнида моддий маданий мерос объектларига жуда катта миқдорда зарар етказиш ҳолатлари аниқланганлиги, давлат муҳофазасига олинган айрим археологик объектлар йўқ бўлиб кетганлигини ҳам таъкидланди.

Айрим ҳолларда Давлат бюджети маблағлари ҳисобига маданий мерос объектларида амалга оширилаётган ишлар реставрация қилиш талабларига зид равишда олиб борилиб, уларнинг тарихий ва бадиий қимматига кўп микдорда зарар етказилмоқда.

Жумладан, Ситораи Моҳи Хосса тарихий мажмуасида олиб борилган реставрация ишлари аҳволи ўрганилганида мажмуада реставрация ишлари нотўғри олиб борилгани оқибатида унинг бадиий безаклари, нақшлари, кошинлари нобуд қилиниб, тарихий ва бадиий қийматига жами 28 млрд сўмлик зарар етказилгани аниқланган.

«Мазкур ҳолат бу турдаги ҳуқуқбузарликларни фош этиш ва олдини олиш бўйича махсус билим ва тажриба, шунингдек замонавий ёндашув талаб этилишини, тергов жараёнлари малакали терговчилар томонидан олиб борилиши лозимлигини кўрсатмоқда», – дея қайд этилади Сенат хабарида.

Қонун билан моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш, бундай тоифадаги объектларга жуда кўп микдорда зарар етказганликни ифодаловчи қилмишларни оғир жиноятлар тоифасига ўтказиш, Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатма ва тақдимномаларини белгиланган муддатда ва тўлиқ бажарилмаганлиги юзасидан жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.