Сенаторлар Меҳнат кодекси тўғрисидаги қонунни янги таҳрирда маъқуллади

Источник: Сенат Олий Мажлиса/Telegram

Сенатнинг 24-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда парламент юқори палатасининг матбуот хизмати хабар беради.

Сенаторлар томонидан 1995 йилда қабул қилинган амалдаги Меҳнат кодекси таҳрири замонавий воқеликка мос келмаслиги ва хусусий тадбиркорлик ривожланиши жараёнида иш берувчининг масъулиятини, фуқароларни меҳнат фаолиятига жалб қилишнинг янги, турли хил шаклларининг фаол ривожланишини ҳисобга олмаслиги, шунингдек, иш берувчиларга, хусусан, қўшимча ишчиларни меҳнатга жалб қилишнинг содда шаклларини танлашга имкон берадиган етарли шарт-шароитлар яратмаслиги таъкидланди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини ишлаб чиқишда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар жумладан, Германия, Швеция, Норвегия, Буюк Британия, Латвия, Эстония Япония, Жанубий Корея ҳамда МДҲ давлатлари тажрибаси чуқур ўрганилгани қайд этилди.

Кодекс меҳнат ҳуқуқининг айрим институтларига бағишланган ва бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш каби янги нормаларни ўз ичига олган.

«Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси қабул қилиниши бозор иқтисодиёти талабларини ҳисобга олган ҳолда ходимлар ва иш берувчилар манфаатлари мувозанатини таъминлаш, кичик бизнес ва якка тадбиркорлик соҳасига меҳнат қонунчилигини татбиқ этишни соддалаштириш, шунингдек, мазкур соҳаларда ёлланиб ишловчилар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солиш хусусиятларини ҳисобга олиш, Меҳнат кодекси қоидаларини халқаро ҳуқуқ нормалари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро шартномаларга мослаштиришга хизмат қилиши таъкидланди», – дея хулоса қилади юқори палатадагилар.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.