Сергелида содир бўлган портлаш ҳақидаги иш бўйича 4 киши ҳибсга олинди

Фото: Соцсети

28 сентябрь куни Тошкент шаҳар, Сергели туманида жойлашган «Interlogistics» МЧЖ ҳудудидаги омборхонада портлаш юз берганди. Ҳукумат комиссияси мазкур воқеа сабаблари ва жиноятда гумонланаётганлар ҳақида маълумот берди, деб ёзади “Газета” нашри.

Фавқулодда вазият сабабларини ўрганиш жараёнида ёнғин бошланган жой ва портлаш ўчоғи металл ва «сэндвич» панеллардан қурилган омборда юз берганлиги аниқланди. Ёнғин ва портлаш оқибатида омборнинг металл конструкциялари деформацияга учраб, қулаб тушган.

«Ёнғин содир бўлган омборхонада катта миқдорда кимёвий моддалар, қурилиш ва бошқа маҳсулотлар белгиланган талабларга риоя қилинмасдан аралаш ҳолда сақлаб келинган. Ҳодиса жойидан олинган намуналар асосида ўтказилган кимёвий тадқиқотлар натижасида полиэфирлар, ксилол, углеводородлар, натрий гидроксид, водород пероксиди, этилен гликол ва юқори молекуляр карбон кислота эфирлари каби кимёвий моддалар мавжудлиги аниқланди», — дейилади хабарда.

Бу моддалар омборхонада сақланаётган водород пероксиди, алкид смоласи, алкилбензолсульфон кислотаси, латех, полиэфир смоласи, каустик сода моддалари ва лак маҳсулотларининг таркибий қисмлари бўлиб, ёнғин ва портлаш хавфи юқори ҳисобланади.

Таъкидланишича, ҳодиса жойи ўрганилганда айнан водород пероксиди сақланган жой яқинида гул қоғозлар ва бошқа ёнувчи материаллар сақлангани аниқланган.

Ўрганиш натижасига кўра, омборхонада сақланаётган кимёвий модда ва материалларнинг ўзаро таъсирланиши ва кимёвий ўз-ўзидан ёниши юзага келиб, портлаш содир бўлган.

Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича 4 нафар шахсга нисбатан «қамоққа олиш», 1 нафарига нисбатан «гаров» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳодиса содир бўлган омборхона ҳудудида 12 та ижарачи компаниянинг катта миқдордаги турли хил номенклатурадаги товарлари сақланганлиги ҳамда жиноят иши доирасида мутахассислар томонидан бир нечта турдаги экспертиза тадқиқотлари (судга оид кимёвий, ёнғин-техник, портлаш, товаршунослик, қурилиш ва х.к.) ўтказилаётганлиги учун ёнғин ва портлаш сабаблари, шунингдек етказилган зарар миқдори бўйича якуний хулосага келиш муайян вақтни талаб этмоқда, дейилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.