Sevimli телеканалининг журналистлари футбол ўйинида ИИБ ходимлари томонидан калтакланганликлари ҳақида маълум қилди
Sevimli телеканали Ўзбекистон-Ироқ ўйинини видеога олаётган тасвирчи бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари томонидан калтакланганини хабар қилган. Ходимлар кейин узр сўрашган ва воқеа ҳақида хабар бермасликни талаб қилишган. Телеканал янгиликни ўчириб ташлаган, деб ёзади “Газета” нашри.
Хабарда таъкидланишича, телеканал ходимлари турнирнинг барча ўйинларини ёритиш учун аккредитацияга эга бўлган ва ўз вазифасини бажарган. «Бироқ, кечаги ўйин ҳамкасбларимиз учун қимматга тушди», — дейилади хабарда. Футболни ёритиш учун берилган махсус рухсатнома борлигига қарамасдан журналистларга ходимлар шундай жавоб қайтарган: «Пресса бўлсанг, бизга по***. Биз топшириқни бажарамиз».
Шундан сўнг ижодий гуруҳ киритмагани учун ўзининг эътирозларини билдирган ва стадион олдидаги ҳолатни тасвирга олишни бошлаган. Орган ходимлари эса тасвирчининг рухсатномасига чанг солган, камерасини тортиб олган, тасвирчининг қўлини орқага қайириб, журналистдан узоқлаштирган.
Кўз олдида тасвирчини жиноятчилардек олиб кетаётганини кўрган журналист орган ходимларидан қўйиб юборишни талаб қилган. Ходимлар эса унинг ҳам қўлларини қайириб, микрофон ва рухсатномасини тортиб олган, дейилади дастур сайтида.
«Бир микрафонимга қарайман, бир тасвирчимга. Шу пайт тасвирчимни ерда ётган ҳолатда зарбдан бақираётганига кўзим тушди. 6−7 нафар ички ишлар ходимлари ва бир нафар миллий гвардия ходими тепкилаётганди. Ходимларнинг бири оёғига дубинка билан урди. Қолгани қорин ва бош қисмига тепди. Қўлларим ушланган, имконсиз қолдим фақат урманглар деб бақира олдим, холос», — дейди журналист.
“Қўлларимизни қайириб, Шайхонтохур туман ИИБ биносига олиб бориб, навбатчилик қисмига топширишди. Тасвирчим оғриққа чидолмай, ИИБ коридорида ерда ўтириб қолди. Мени эса ташқарига чиқариб юборишди. Операторимнинг соғлиги ёмонлашаётганини кўриб, тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилишга мажбур бўлдим. Тиббиёт ходими ИИБда қолдириш ҳавфли эканини, зудлик билан шифохонага олиб кетиш лозимлигини айтди. Шундан сўнг шеригимни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб кетишди… Энг қизиғи, бўлар иш бўлгандан сўнг мухбирдан ички ишлар ходимлари кечирим сўраб, ортиқча гап қилмаслиги ва бирон жойда гапириб юрмаслини айтган”, – дейилади хабарда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги телеканал оператори стадионга киришга уринган оломон ўртасида юз берган жанжал оқибатида жароҳатланганини айтмоқда.
Қайд этиб ўтамиз, 11 июнь куни Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида Осиё кубоги доирасидаги Ўзбекистон ва Ироқ ёшлар терма жамоалари ўртасида ўйин бўлиб ўтди. Учрашув давомида фотограф ва хорижлик видео тасвирчи ҳам жароҳатланган. Бу ўйиннинг боришидан норози бўлган мухлислар трибунадан тош отишни бошлаганидан кейин содир бўлди.
Шарҳлар