Шаҳарларнинг марказий кўчалари сайилгоҳлар ва кўнгилочар кўчаларга айлантирилади
Ўзбекистоннинг ҳар бир туман ва шаҳарларида бюджет маблағлари ҳисобига 2021-2022 йилларда шаҳарсозлик лойиҳалари асосида мукаммал таъмирланган, ташқи ёритиш, суғориш ва дренаж тизимлари модернизация қилинган, пиёда ва велосипед йўлаклари қурилган ҳамда аҳоли гавжум бўлган кўчаларни савдо, хизмат кўрсатиш, сайилгоҳ ва кўнгилочар кўчалар ташкил этилади. Бу давлат раҳбарининг “Хизматлар кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган, деб ёзади “Фергана” нашри.
Тошкент, Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказлари ҳамда бошқа шаҳарларда кўпи билан ҳар 3-5 та маҳалла учун аҳоли гавжум бўлган кўчани ободонлаштириб, пиёдалар йўлакчаларини кенгайтириш ва уларни ёритиш орқали маҳаллалараро савдо-хизмат кўчасини ташкил этилади.
Тошкент, Наманган ва Самарқанд шаҳарларида хизмат кўрсатиш соҳасида 750 минг, иккинчи блокда 200 минг, учинчи блокда 300 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган. Ҳукумат 2022 йили хизмат кўрсатиш ва туризм соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун 500 миллион доллар ажратади.
2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар чакана савдо ва умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш) хизматлари, автотранспортда йўловчи ва юк ташиш, транспорт воситаларини таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, компьютер хизматлари, маиший техникани таъмирлаш, агро ва ветеринария хизматларини кўрсатувчи ҳамда кўнгилочар масканларда хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари учун ижтимоий солиқ ставкасини 1 фоиз этиб белгиланади.
Худди шу даврда туристик ҳудудларда рўйхатдан ўтган тадбиркорлар учун айланма солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланди. Юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи ва юридик шахсларнинг ер солиғи юқорида кўрсатилган ҳудудларда жойлашган объектлар учун ушбу солиқ турлари бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизини ташкил қилади.
Барча шаҳар ва туман марказларида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, жумладан, 29 шаҳар ва 6 та йирик туманда туризм, транспорт, тиббиёт, таълим ва йирик савдо мажмуаларини ташкил этиш лойиҳаларини молиялаштиришга хорижий банклардан жалб қилинган 200 миллион долларни йўналтириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури координаторлари Туризм ва спорт вазирлиги билан биргаликда 2022 йил дастури доирасида ажратилаётган маблағларнинг 500 миллиард сўми хизматлар кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларга, биринчи навбатда, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган талабларга жавоб берадиган оилавий меҳмон уйлари (50 миллион сўмгача), хостеллар (1 миллиард сўмгача), ўтов лагерлари мажмуаси (300 миллион сўмгача), автокемпинглар (3 миллиард сўмгача), экоуйлар мажмуаси (300 миллион сўмгача), контейнер шаҳарчалар (600 миллион сўмгача) ва чодирли лагерлар (60 миллион сўмгача) ташкил этиш ва уларни таъмирлаш лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилишини таъминланади.
Тижорат банкларига хизматлар соҳасидаги янги лойиҳаларни молиялаштириш учун 14 фоиз ставкада битта лойиҳа бўйича 2 миллиард сўмгача миқдорда кредитлар ажратишга рухсат берилди.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг марказий аппарати тузилмасида вазирлик бошқарув ходимларининг умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида 12 штат бирлигидан иборат Хизматларни ривожлантириш бўйича ҳудудларнинг мастер-режаларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш департаменти ташкил этилади. Унинг асосий вазифалари хорижий экспертларни жалб этган ҳолда ҳудудларнинг хизмат кўрсатиш соҳасидаги ихтисослашувини аниқлаш, улар асосида туман ва шаҳарларда хизматларни ривожлантиришнинг концепциялари ва мастер-режаларини ишлаб чиқиш, ҳудудларнинг мастер-режалари асосида инфратузилма ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари ва дастурларини шакллантиришдан иборат бўлади.
Шарҳлар