Shaanxi Xiangsheng компанияси Фарғонада қуввати 500 МВт бўлган фотоэлектр станциясини қуришни режалаштирмоқда
Shaanxi Xiangsheng Industrial Group компанияси Фарғона вилоятида қуввати 500 МВт бўлган фотоэлектр станциясини (ФЭС) қуришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар беради.
Компания вакиллари лойиҳани вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров билан муҳокама қилди. Қуёш электр станциясининг қиймати 300 миллион доллар бўлиб, у “Фарғона ясин қурилиш моллари” корхонаси ёнидаги майдонда қурилади ва заводнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг камида учдан бир қисмини қоплайди.
Shaanxi Xiangsheng имкон қадар тезроқ электр станциясини қуришга ваъда беради. Ҳоким тунги вақтда электр қуввати камайиб кетишининг олдини олиш мақсадида ФЭСни энергия сақлаш тизими билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, йиғилишда туризм учун замонавий шароитлар яратиш, жумладан, меҳмонхоналар қуриш орқали Қиргули кўлини дам олиш ва сузиш зонасига айлантириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Хитой томони Қиргули кўлидаги лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирган ва тез орада ўз сармоявий таклифини тақдим этади.
Шарҳлар