Шанхайда Алишер Навоий сиймосига эҳтиром кўрсатилди
Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги арафасида ғазал мулки султонининг Шанхай шаҳридаги ҳайкали пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дунё» АА ёзмоқда.
Тадбирда Ўзбекистоннинг Шанхай шаҳридаги Бош консуллиги ходимлари, мазкур шаҳарда таълим олаётган ватандошлар қатнашган.
«Алишер Навоий ҳайкали Хитойнинг энг нуфузли таълим муассасаларидан бири Шанхай университети ҳудудида 2017 йилда қад ростлаган. Ушбу ёдгорлик бугунги кунда нафақат мазкур олийгоҳ талабалари учун балки, хорижлик меҳмонлар, шу жумладан, Шанхай шаҳрига ташриф буюрган ҳар бир ватандошимиз учун севимли манзилга айланган. Хусусан, бундан бир неча кун аввал Тошкент ва Шанхай шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлашга бағишланган тантанали тадбирлар доирасида ушбу шаҳарга келган бир қатор маданият, санъат арбоблари ушбу университетга ташриф буюриб, Алишер Навоий хотирасига эҳтиром кўрсатдилар», – дейилади хабарда.
«Шанхай университети ҳудудида қад ростлаб турган ушбу маҳобатли санъат асарини буюк аждодимизнинг инсоният тараққиёти, жаҳон маданияти ва халқлар дўстлигини мустаҳкамлашга қўшган улкан тарихий ҳиссасининг рамзий ифодаси, деб биламан», – деган тадбир иштирокчиларидан бири.
Шарҳлар