Шавкат Мирзиёев 14 та туман ҳокимини ишдан четлатди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатнинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши, Касби, Косонсой, Тўрақўрғон, Арнасой, Кармана, Ургут, Шеробод, Олтинсой, Гулистон, Янгийўл, Хива туманлари ҳокимлари бугун ишдан олиниб, ўзгариш қилиш учун уларга уч ой синов муддати берилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби хабар беради.
Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимовга ишдаги камчиликлари учун ҳайфсан берилди.
Йиғилишда ички сайёҳлар сони бўйича айрим вилоят, туман ва шаҳарлар натижалари яхши эмаслиги билдирилди. Сирдарёга – 151 минг, Навоийга – 262 минг, Жиззахга – 275 минг ички сайёҳ ташриф буюриб, бу уларнинг салоҳиятидан анча кам бўлди.
Четдан келган туристлар учун кўрсатилган хизматлар Қашқадарёда жуда паст бўлиб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши, Касби туманларида туризм хизматлари умуман кўрсатилмаган.
Шу билан бирга, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Наманган ва Сурхондарёда ҳам хорижий туристларга хизмат кўрсатишдан тушумлар қолган ҳудудлардан анча орқада. Айниқса, Шеробод, Олтинсой, Косонсой, Тўрақўрғон, Арнасой, Кармана, Ургут, Гулистон, Янгийўл, Хива туманларида туризм хизматлари умуман кўрсатилмаган.
Бундан буён вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳафтасига бир марта туроператор, меҳмонхона ва дам олиш масканлари вакиллари билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиб борадиган тизим жорий қилинади.
Шарҳлар