Шавкат Мирзиёев: Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқани тинч йўл билан боғлаш миссиясига таяниши лозим

Источник: пресс-секретарь президента Узбекистана

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 15—16-сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитига бағишланган концептуал мақола ёзди. Бу ҳақда “Фергана” нашри ёзади.

Ўзбекистон Президенти сайтида «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» сарлавҳали мақола эълон қилинди.

«Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги дунё миқёсида шиддатли жараёнлар кечаётган ўзига хос «тарихий эврилиш» палласига тўғри келди – бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда ҳамда башорат қилиш мушкул бўлган янги бир давр бошланмоқда», — дейилади мақола бошида.

Мирзиёев умуминсоний тамойил ва меъёрларга асосланган халқаро ҳамкорликнинг замонавий тизими сезиларли даражада барбод бўла бошлаганини таъкидлайди.

«Бунинг асосий сабабларидан бири – глобал даражада давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончнинг чуқур таназзулга юз тутаётгани билан боғлиқ. Бу эса ўз навбатида геосиёсий қарама-қаршиликларга рағбат бериб, “блокларга мансублик” стереотипларининг қайта туғилиш хавфини юзага келтирмоқда. Давлатлар ўртасидаги бундай ўзаро ишончсизлик жараёни жаҳон иқтисодиётининг аввалги тараққиёт йўлига қайтишини ва глобал таъминот занжирларининг тикланишини мураккаблаштирмоқда.

Дунёнинг турли нуқталарида давом этаётган қуролли можаролар савдо ва инвестиция оқимларини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш борасидаги муаммоларини янада кескинлаштирмоқда.

Шу билан бир қаторда, глобал иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурслари танқислигининг ортиши, биохилма-хилликка путур етиши ҳамда хавфли юқумли касалликлар тарқалиши жамиятларимизнинг заиф томонларини янада яққолроқ кўрсатиб бермоқда. Бу муаммолар инсоният тақдирига бевосита дахлдор бўлган муштарак қадрият ва неъматларнинг емирилишига олиб келиб, одамлар ҳаёти ва фаолиятига таҳдид солмоқда, уларнинг даромад манбаларини қисқартирмоқда.

Бундай мураккаб шароитда бир хақиқат аниқ: ҳеч бир мамлакат ёлғиз ҳолда ушбу глобал хавф-хатарларни четлаб ўтиш ёки бартараф этишга қодир эмас», — деб таъкидлайди Ўзбекистон президенти.

У «бир-бирига боғланган дунёдаги хавфли муаммолар спиралидан» чиқиш йўлини ҳар бир инсон манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган конструктив мулоқот ва кўп томонлама ҳамкорликда кўради.

«Айнан инқироз ва бўҳронлар даврида мамлакатлар, улар хоҳ катта, ўрта ёки кичик бўлсин, ўзларининг тор доирадаги манфаатларини устун қўймасдан, аксинча, асосий эътиборни глобал ҳамжиҳатликка қаратишлари лозим. Тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга хавф туғдираётган, ҳар қайси мамлакатга раҳна соладиган таҳдид ва хатарларга қарши умумий саъй-ҳаракат ва имкониятларни бирлаштириш ва сафарбар этиш барчамиз учун бирдек манфаатлидир», — дейди Мирзиёев.

У ШҲТнинг Самарқандда бўлиб ўтадиган саммити қарорлари «ҳам минтақавий, ҳам глобал миқёсда мулоқот, ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшишига» ишонч билдирди.

Мирзиёев Афғонистон мавзусига алоҳида тўхталди.

«Шунга ишончим комилки, бугун ШҲТ доирасида шаклланган мана шундай ижобий ва муваффақиятли тажрибадан Афғонистонни ривожлантириш масаласида ҳам фойдаланиш ўта муҳим ва долзарбдир. Шак-шубҳасиз, Афғонистон ШҲТ маконининг ажралмас қисми саналади. Бугун афғон халқи қўшни ва хайрихоҳ давлатлар кўмагига ҳар қачонгидан ҳам муҳтож. Афғонистонга биргаликда ёрдам қўлини чўзишимиз, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, минтақавий ва глобал тараққиёт жараёнларига интеграциялашувига кўмаклашишимиз ва шу орқали ушбу давлатнинг кўп йиллик инқироздан чиқиши учун қулай шароит яратиб бериш бизнинг маънавий бурчимиздир», — деб таъкидлайди Ўзбекистон раҳбари.

Унинг фикрича, Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқани тинч йўл билан боғлаш миссиясига таяниши лозим.

«Бундай ўзаро манфаатли минтақалараро ҳамкорликнинг намунавий рамзи сифатида Трансафғон коридорининг қурилиши лойиҳасини айтиш мумкин. Шуни ҳам англаш муҳимки, «Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўли каби қўшма инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш орқали, биз ижтимоий-иқтисодий ва транспорт-коммуникация вазифаларини ҳал этибгина қолмасдан, минтақавий хавфсизликни таъминлашга ҳам салмоқли ҳисса қўшишимиз мумкин.

Ўзаро позицияларимизни яқинлаштириб, тинч, барқарор ва фаровон Афғонистон учун ШҲТнинг янги кун тартибини биргаликда ишлаб чиқа олишимизга аминман. Шундагина том маънода барқарор ва изчил ривожланаётган, яхлит хавфсизликка эга бўлган ШҲТ маконини барпо эта оламиз», — дейди Шавкат Мирзиёев.

ШҲТ 2001 йили ташкил этилган бўлиб, ушбу декларация Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари томонидан имзоланган. Ҳиндистон ва Покистон 2017 йили ташкилотга қўшилган. Давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик турли даражаларда — барқарорлик ва тинчликни таъминлашдан тортиб, фан, маданият ва таълим соҳаларида билим ва технологиялар алмашинувигача бўлган босқичларда амалга оширилади.

ШҲТда кузатувчи давлатлар Афғонистон, Эрон, Мўғулистон ва Беларусдир. Ҳамкорлар — Шри-Ланка, Туркия, Арманистон, Озарбайжон, Камбоджа ва Непал.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.