Шавкат Мирзиёев: «Бизни яқин қўшни ва қардош бўлган Қозоғистон Республикасида содир бўлган воқеалар жиддий ташвишга солмаслиги мумкин эмас»
Президент Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Қозоғистондаги воқеаларга муносабат билдирди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби хабар беради.
«Сўнгги кунларда биз учун яқин қўшни ва қардош бўлган Қозоғистон Республикасида содир бўлган воқеалар ҳаммамизни жиддий ташвишга солди. Биз минг йиллар давомида қозоқ халқи билан яқин қўшни бўлиб, биргаликда ёнма-ён яшаб келганмиз. Бизни умумий тарих, урф-одат ва маданият боғлаб туради. Келажагимиз ҳам ўзаро чамбарчас боғлиқдир», – дея қайд этади Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари шу кунларда бир неча марта телефон суҳбатини ўтказганди.
«Ўзбекистон халқи номидан бутун Қозоғистон эли ва раҳбарига барқарорлик ҳамда фаровонликни таъминлаш борасидаги барча саъй-ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлашимизни билдирдим. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу воқеаларда қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва барча яқинларига яна бир бор чуқур таъзия ва ҳамдардлик изҳор қиламан. Жабрланган инсонлар ҳам тез орада соғайиб кетишига тилакдошман».
Шавкат Мирзиёев қўшни мамлакатдаги вазият аста-секин ўз изига тушиб бораётганини, давлат тузилмалари ва ижтимоий муассасалар ўз фаолиятини қайта тиклаб, одамлар осойишта ҳаётга қайтаётганини қайд этади.
«Ўз ўтмишида кўплаб мураккаб синовларни бошидан кечирган донишманд қозоқ халқи бу оғир кунларни ҳам тез орада мардона енгиб ўтишига ҳамда янада якдил ва ҳамжиҳат бўлишига ишонаман», – деди давлат раҳбари.
Шарҳлар