Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси марказини илмий марказга айлантириш ҳақида қарор чиқарди

Ўзбекистон президенти Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини Илмий-маърифий марказга айлантириш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.

Ҳужжатга кўра, Марказнинг янгиланган асосий вазифалари этиб белгиланди: муқаддас ислом дини билан боғлиқ бой меросни илмий тадқиқ этиш, унинг Марказий Осиё цивилизацияси ривожидаги ўрнини инновацион усуллар орқали тарғиб қилиш; Ўзбекистонда юз берган умуммиллий юксалишлар, тарихий ренессансларнинг илдизлари ва мазмун-моҳиятини мамлакат аҳолиси, айниқса, ёшларга етказиш бўйича зарур чораларни кўриш; илм-фаннинг жадал тараққиётини кўрсатиб берувчи сермазмун экспонатлар фонди, қўлёзма ва замонавий нашрлардан иборат бой кутубхоналар тизимини шакллантириш ҳамда уларнинг жаҳон музейлари ва кутубхоналари тармоғига уланишини таъминлаш; зиёрат туризмининг илмий асослари бўйича етарли назарий билим ва амалий кўникмаларга эга гид-таржимонларни тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини тизимли ошириб боришни таъминлаш ва бошқалар.

Илмий-маърифий марказнинг асосий мақсади – «Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон» ғоясининг мазмун-моҳиятини, жумладан, унинг илм-фан ривожи, динлараро ва миллатлараро бағрикенгликни таъминлашдаги роли ва аҳамиятини жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилиш.

Марказ ҳузурида Самарқанд қоғози, муқовасозлик ва хаттотликнинг қадимий анъаналарини тиклаш бўйича устахона-лаборатория ташкил этилади.

Ҳужжатга мувофиқ Марказ ва Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти тарихий ёзма манбаларни марказлашган ҳолда сақлаш, тадқиқ этиш, уларнинг ҳолатини доимий мониторинг қилиш бўйича масъул давлат муассасалари этиб белгиланди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига Марказ билан биргаликда 2022 йил 1 январга қадар Марказ таркибидаги кутубхона, архив ҳамда музейда сақланаётган қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмаларни рақамлаштириш чораларини кўриш топширилди. Бундан ташқари, вазирликка рақамлаштирилган барча маълумотларни ўзида акс эттирувчи мобил иловани ишга тушириш ва аҳоли орасида унинг кенг тарғиботини амалга ошириш ҳам топширилди.

Қайд этиб ўтамиз, Илмий-маърифий марказ ва унинг тузилмавий бўлинмалари Ўзбекистон Халқаро ислом академияси биносида жойлаштирилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.