Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистоннинг стратегиясини тақдим этди

Халқаро конгресс марказида Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съезди бошланди. Унда Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури – Янги Ўзбекистон стратегиясининг асосий йўналишлари бўйича маъруза қилди. Бу ҳақда президентнинг матбуот котиби хабар беради.

Тақдим этилган дастурга кўра, келгуси беш йилда:

– саноат маҳсулотлари ҳажми 1,4 баробар, меҳнат унумдорлиги эса камида 2 марта оширилади;

– мис ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 2 мартага ошади ва 8 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқаришга асос яратилади;

– табиий газни қайта ишлаш даражасини 8 фоиздан 20 фоизга ошириш орқали кимё саноатида 2 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади;

– рақамли иқтисодиётнинг ҳажми камида 2,5 баробарга оширилиб, 4 миллиард долларга етказилади;

– ҳар бир хонадон ва ижтимоий муассаса мақбул нархда юқори тезликдаги интернетга уланади, магистраль автомобиль йўллари 100 фоиз мобил алоқа ва интернет билан қамраб олинади.

Шавкат Мирзиёев иқтисодиётда юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш учун макроиқтисодий барқарорлик таъминланишини таъкидлади.

– 2023 йил охиригача инфляция даражаси 5 фоизга туширилади. Давлат бюджети тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,5 фоиздан ошмаслиги таъминланади.

– Янгидан жалб қилинадиган йиллик ташқи қарз миқдори 5 миллиард доллардан, умумий давлат қарзи эса ялпи ички маҳсулотнинг 50-60 фоизидан ошмаслиги таъминланади. Келгуси беш йилда 120 миллиард доллар, шундан камида 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб қилинади.

– Мамлакатнинг экспорт салоҳияти 1,7 баробар оширилиб, 2026 йилда 30 миллиард долларга етказилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.