Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида қатор таклифларни илгари сурди
6 август куни Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Саммитда минтақада жойлашган давлатлар раҳбарлари ҳамда БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбари Наталья Герман иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабар беради.
Саммитда Шавкат Мирзиёев қатор таклифларни илгари сурди:
– Президент Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг умумий йўналишлари тўғрисидаги битимни қабул қилиш фурсати келганини айтди.
– Давлат раҳбари санитария талабларига риоя қилган ҳолда транспорт қатновларини тўлиқ тиклаш муҳим эканини таъкидлади.
– Президент Марказий Осиё мамлакатларининг Электр энергетикаси мувофиқлаштирувчи кенгашини фаоллаштириш, унинг мандати ва ваколатларини кенгайтириш ҳамда мамлакатларнинг кенгашдаги вакиллик даражасини оширишни таклиф қилди.
– Шавкат Мирзиёев тест натижалари ва эмлаш сертификатларини тан олиш бўйича ягона ахборот тизимини ишга тушириш, юқумли касалликларни профилактика, диагностика қилиш ва даволаш, тиббиёт ходимларини тайёрлаш соҳасида тажриба алмашишни кенгайтириш, фармакологияда илмий ҳамкорликни ҳамда ҳаётий муҳим дори воситаларини ишлаб чиқаришда кооперацияни йўлга қўйиш таклифларини илгари сурди.
– Ўзбекистон Президенти мамлакатларимизнинг иқлим ўзгаришларига мослашишига, ресурс тежовчи технологияларнинг яна кенг жорий этилишига хизмат қиладиган “Марказий Осиё учун “яшил” кун тартиби” минтақавий дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди.
– Давлат раҳбари келгуси йилда Ўзбекистонда Марказий Осиё ёшлари форумини ўтказишни таклиф этди.
– Президент Тошкент шаҳрида Минтақавий парламент форумини ўтказишни таклиф этди.
Шарҳлар