Шавкат Мирзиёев: «Мустақилликка эришиш осон бўлмаган»

Источник: пресс-секретарь президента Узбекистана

Президент Шавкат Мирзиёев 31 август куни эрта тонгда Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюрди.

«Бу ерга ҳар гал келиб, эътибор беришимиз бежиз эмас. Мустақилликка эришиш осон бўлмаган. Истиқлолимизга 31 йил бўлгани билан боболаримиз 100 йиллар олдин бунга ҳаракат қилган. 100 минг ватандошимиз қатағонга учраб, 13 минг нафари шафқатсиз отиб ташланган. Нима учун? Таҳлил бўлган. Улар энг катта қаҳрамонларимиз, миллатнинг хазинаси бўлган. 2-3 тадан тил билган. Ватанимизни озод қилиб, тараққиётга олиб чиқишини билишган. Бу ерда худди уларнинг овозлари эшитилгандек бўлади», – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари ҳали бу тарих охиригача ўрганилмагани, қатағон қурбонларини аниқлаш ва хотирасини тиклаш бўйича изланишларни давом эттириш кераклигини таъкидлади.

«Бутун дунёда бир парча қоғоз бўлсаям, қанча маблағ кетсаям, ўзбек миллатига дахлдор ҳужжатларни топинглар, деб топшириқ бергандим. Охирги йилларда яна қанча қатағон қурбонлари аниқланди. Адолат нуқтаи назаридан қаҳрамон боболаримизнинг номларини тиклаяпмиз. Ўтган бир йил ичида Ўзбекистон Олий суди томонидан 235 нафар ана шундай ватандошимиз оқланди. Жадид боболаримиз номида музейлар, мактаблар ташкил қиляпмиз. Тошкент марказида Абдулла Қодирий мактаби қуриб, ҳайкалини ўрнатдик. Нима учун? Одамлар ўтганда кўриши, “мен кимларнинг авлодиман” деб ўйлаши, асарларини билиши керак. Ёки Чўлпонни тиклаш қандай қийин бўлди? Бугун биз пастга тушинглар, халқнинг ичига боринглар, деяпмиз, халқдан куч олаяпмиз. Чўлпон ҳам шундай деган. Бундай хайрли ишларни тўхтатмаслик керак. Янги китоблар, фильмлар чиқариш зарур».

Давлати раҳбари бу йўлда изланаётган заҳматкаш олимларга, зиёлиларга миннатдорлик билдирди. Жадидларнинг ҳаёти ва асарларини телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали ёшларга етказиш, мактаб дарсларида бу мавзуга кенг ўрин бериш зарурлиги таъкидланди. Ўзбекистон халқаро ислом академиясида маърифатпарвар боболаримизнинг маънавий меросини ўргатиш бўйича кафедра ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.

Президент матбуот хизматининг қайд этишича, мустабид тузум фақат жадидларни йўқ қилиш билан чекланиб қолмаган. Ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб ватандошларимиз турли бўҳтонлар билан қамоққа олинган, хўрланган.

«Бугун ҳам йўлда ўйланиб келяпман. 30-йилларни эски тарих деса, “пахта иши”-чи?! Етакчиларимизни қатағон қилиш учун сохта айбловлар ўйлаб чиқаришди-ку. Бошқа республикаларда йўқмиди камчилик? Бундай аламли воқеаларни ҳеч қачон унутиб бўлмайди. Бугунгидай байрамларда, тинч-осойишта кунларда шуларни ҳам юрагимиздан ўтказиб, ёшларимизга етказишимиз керак», – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент дунё нотинч бўлиб бораётгани, бундай вазиятда огоҳ ва вазмин бўлиш кераклиги қайд этди.

«Кўраяпсизлар, дунёда рақобат, таҳдидлар кучайиб бораяпти. Хавф ёнимизда юрибди. Бунга тайёр бўлиш учун ҳамиша огоҳ бўлиш зарур. Бугунги эмин-эркин ҳаётимизга шукрона айтиш билан бирга эртанги кунимизни мустаҳкам қилишимиз керак. Қачон мустаҳкам қиламиз? Билимли бўлсак. Агар боболаримиз буюклигидан руҳланиб, ҳар бир соҳа бўйича таълимни мукаммал қилсак, манаман деган давлатдан кам жойимиз йўқ. Болаларимизни зўр ўқитсак, натижа биз кутгандан ҳам яхши бўлади. Мустақиллигимиз барқарор ва абадий бўлади», – деди давлат раҳбари.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.