Шавкат Мирзиёев президент сайловларида ғолиб чиқди
Президентлик сайловларида 80,1% овоз билан Шавкат Мирзиёев ғолиб чиқди. Бу ҳақда Ўзбекистон МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев маълум қилди.
Бошқа номзодлар учун берилган овозлар қуйидагича тақсимланди:
– Мақсуда Ворисова (Халқ демократик партияси) – 6,6%
– Алишер Қодиров («Миллий тикланиш») – 5,5%
– Нарзулло Обломуродов (Экологик партия) – 4,1%
– Баҳром Абдухалимов («Адолат») – 3,4%
Президентлик сайловларида 16 млн 212 минг 343 нафар сайловчи қатнашди. Хориждаги юртдошларимиз ҳам шулар жумласидандир. Сайловларда иштирок 80,4% ни ташкил қилди.
МСК натижаларни эълон қилишидан олдин Шавкат Мирзиёевга давлатлар раҳбарларидан табриклар кела бошлаганди. Хусусан, уни Россия президенти табриклади.
Телефон орқали мулоқот чоғида Беларусь президенти Александр Лукашенко эса кўзланган режаларни амалга оширишда муваффақиятлар тилади.
Шунингдек мулоқот давомида «икки томонлама ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Савдо алоқалари жадал ривожланиб, етакчи корхоналарнинг кооперацияси кенгайиб бораётгани, маданий-гуманитар алмашинув фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Президентлар минтақавий ташкилотлар, жумладан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги яқин ҳамкорликни давом эттириш муҳим эканини таъкидладилар», – дейилади хабарда.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев “Ўзбекистон раҳбарининг сайловлардаги ишончли ғалабаси унинг стратегик курси бутун халқ томонидан қатъий қўллаб-қувватланаётганини яна бир бор намойиш этганини” таъкидлади.
Давлатлар раҳбарларининг телефон орқали мулоқоти чоғида «икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, иқтисодий йўналишда кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Мамлакатларимизнинг етакчи корхона ва компаниялари ўртасидаги савдо ва кооперация алоқалари жадал суръат билан ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди».
Қасим-Жомарт Тоқаев Шавкат Мирзиёевни Нур-Султонга ташриф билан келишни таклиф этди.
Шарҳлар