Шавкат Мирзиёев тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чораларни эълон қилди

Источник: unsplash.com

Россия, Украина ва Беларусь билан ишлаётган Ўзбекистон компаниялари жорий йил охиригача қатор жарима санкцияларидан озод этилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 31 март куни видеоселектор йиғилишида маълум қилди, дея хабар беради давлат раҳбарининг матбуот котиби.

Йил якунига ушбу мамлакатлар билан ишлаётган корхоналарга дебитор қарздорлиги учун жарима қўлланилмайди. Ушбу мамлакатлар билан ишлаётган экспортчиларнинг банк кредитлари бўйича қарздорлиги узайтирилади, пеня ва жарималар ундирилмайди.

Президент ташқи хатарларни пасайтириш учун тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чораларни эълон қилди:

  • ўз эҳтиёжлари учун олиб келинган хом ашё, асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмларга божхона имтиёзларини қўллаш даври ҳозирги 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади;
  • давлат дастурлари доирасида мева-сабзавот етиштиришга, оилавий тадбиркорлик, ипотека ва таълимга ажратиладиган кредитлар ҳажми ва имтиёзли ставкалари сақлаб қолинади;
  • солиқ маъмурчилиги доирасида омбордаги товарларнинг ҳисобини, ва кодларини мажбурий юритиш, мулклар ҳамда ижара шартномаларини электрон рўйхатдан ўтказиш каби янги механизмлар бўйича жарима ва бошқа таъсир чоралари йил якунига қадар қўлланилмайди.

Президент ўтган ҳафта Тошкент инвестиция форумида кўп миллиард долларлик шартномалар ва келишувларига эришилганини қайд этди. Шунингдек, кўплаб хорижий тадбиркорлар Ўзбекистонда ўз бизнесини бошлаш ёки ривожлантириш бўйича ташаббус билан чиққан. Шу муносабат билан Мирзиёев мутасаддиларга қуйидагиларни топширди:

  • бир ой муддатда Европа, Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Корея, Япония компаниялари билан музокаралар ўтказиб, уларнинг ишлаб чиқариш занжирига қўшилиш бўйича амалий ишларни бошлаш, бу ишларга хориждаги элчиларимизни ҳам фаол жалб этиш;
  • эркин иқтисодий зоналарда улгуржи савдо компаниялари фаолияти учун имконият яратиш ва уларга имтиёзлар бериш;
  • 1 июлга қадар Навоий, Самарқанд, Тошкент вилояти ва 1 сентябрга қадар Бухоро ва Сурхондарёда қўшни мамлакатлар бозорига маҳсулот етказиб берувчи улгуржи савдо ҳудудини ташкил этиш топширилди.

“Халқаро молия бозоридаги ҳозирги нобарқарор вазиятда четдан маблағ жалб қилиш ниҳоятда қийин бўлади. Бундай шароитда ўзимизда бор ресурслардан самарали ва тўлиқ фойдаланиш шарт”, – деди президент. Ҳозирги кунга қадар қиймати 9 миллиард доллар бўлган 105 та лойиҳа доирасида жалб этилган маблағлар ишлатилмасдан тургани ёки чўзилаётгани кўрсатиб ўтилди. Бир ой муддатда ҳар бир лойиҳани ўрганиб, уларни жадаллаштириш топширилди. Бунда, самарасиз ва истиқболсиз лойиҳаларни тугатиш бўйича таклифлар тайёрланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.