Шавкат Мирзиёев ЎзЛиДеПдан президентликка номзод этиб кўрсатилди

Шавкат Мирзиёев. Фото: manbaofficial

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Либерал-демократик партиянинг (ЎзЛиДеП) 30 май куни бўлиб ўтган XI сьездида амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президентлигига номзод этиб тасдиқланди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди, деб ёзади «Газета.uz» нашри.

Президент маъмуриятига яқин бўлган Manba Telegram каналининг хабар беришича, амалдаги президент сайловолди дастурининг бешта асосий йўналиши бўйича нутқ сўзлаган.

Кам таъминланган оилалар фарзандларининг болалар боғчасидаги харажатлари давлат томонидан қопланиши режалаштирилмоқда. Ушбу имтиёз бола ҳатто хусусий болалар боғчасига борса ҳам амал қилади.

Шавкат Мирзиёев хорижий тилларни ўзлаштириш соҳасида шарт-шароит яратиш мақсадида яқин 7 йилда республиканинг барча мактабларига чет элдан хорижий тил она тили бўлган ўқитувчилар жалб этилишини айтди. Бу мақсадлар учун ҳар йили 200 млрд сўм маблағ йўналтириш режалаштирилган.

Шунингдек, келгуси етти йилда илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш учун 1 млрд доллар ажратилади.

Номзоднинг сўзларига кўра, Янги Ўзбекистоннинг устуни — билим, таълим ва тарбия бўлишини таъкидлади. У ёшларга мурожаат қилар экан, уларнинг қобилият ва истеъдодлари юзага чиқиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилишини қайд этди.

Онкологик беморлар ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида, мамлакатимизда илк бор ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш йўлга қўйилади. Бу борадаги харажатлар эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун тўлиқ давлат ҳисобидан қопланади.

Номзоднинг сўзларига кўра, ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш мақсадида ҳозирда 6 та вазирликка тарқоқ бўлган барча ижтимоий хизматлар бирлаштирилади. Хусусан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилади. Шу билан бирга, агентлик ходимларининг камида 10 фоизи ногиронлиги бўлган шахслар орасидан ишга қабул қилинади.

ЎзЛиДеПдан номзоднинг иккинчи мақсади — барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш. Унинг сўзларига кўра, 2030 йилга бориб, иқтисодиёт 2 баробарга оширилиб, 160 млрд долларга етказилади. Аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми ҳозирги 2,2 минг доллардан 4 минг долларга оширилади. Бунинг натижасида, Ўзбекистон «даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар» қаторига киради.

Номзод 2024 йилдан бошлаб, янги уй-жой сотиб олган аҳолига, қўшилган қиймат солиғининг ярми қайтариб берилишини ваъда қилди.

Маҳаллий кенгаш халқнинг чинакам овозига айланиши учун ҳокимнинг Кенгашга раҳбарлик ваколати бекор қилинмоқда. Энди ҳокимлар Кенгаш олдида, халқ олдида ҳисобдор бўлган тизим жорий этилади, -деди президент.

Келгуси йилда «Очиқ бюджет» дастурига ажратиладиган маблағлар уч баравар кўпайтирилиб, 24 триллион сўмга етказилади.

Маҳалла раисларининг ваколат муддати 3 йилдан 5 йилгача узайтирилади.

Дастурда Ўзбекистон Қуролли Кучларининг қудрати, мудофаа қобилияти ва ҳарбий салоҳиятини ошириш мақсадида 2030 йилгача миллий армияни энг замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш каби ташаббуслар ҳам илгари сурилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.