Шавкат Мирзиёев футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоасини Парижда ўтадиган Олимпиада йўлланмасини қўлга киритгани билан табриклади
Шавкат Мирзиёев 30 апрель куни Ўзбекистон терма жамоасини Қатарда бўлиб ўтган футбол бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё кубоги финалига чиққани ва Париждаги ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритгани билан табриклади.
Юртбошимиз Олимпия ўйинларига йўлланма олиш юртимизнинг азалий орзуси эканини таъкидлаган. Ўзбекистон футболи тарихида илк бор қўлга киритилган бу ғалабадан халқ фахрланади.
«Шу кунларда Қатар давлатида футбол бўйича ёшлар ўртасида бўлиб ўтаётган Осиё кубогида муваффақиятли иштирок этиб, бирйўла финал йўлланмаси ҳамда шу йил ёзда Парижда ўтказиладиган Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритганингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Жонажон Ўзбекистонимизнинг футбол тарихида биринчи марта эришилган бундай ёрқин ғалабани, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиздаги барча спорт мухлислари, кўпмиллатли бутун халқимиз чексиз қувонч ва ғурур билан кутиб олди. Зеро, бу эл-юртимизнинг неча йиллик буюк орзуси эди.
Бу орзуни амалга ошириш айнан сизларга – Янги Ўзбекистоннинг навқирон фарзандларига насиб этгани билан ҳар қанча фахрлансангиз, арзийди», – деган Президент.
Албатта, сизлар эришган бу тарихий ғалаба замирида кейинги йилларда мамлакатимизда спорт соҳасини, жумладан, футболни ривожлантиришга берилаётган улкан эътибор ва амалга оширилаётган кенг кўламли амалий ишлар мужассам, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Шу билан бирга, сиздек азму шижоатли ёшларимизнинг тажрибали мураббий ва мутахассислар раҳбарлигида мазкур мусобақага пухта тайёргарлик кўриб, ҳар бир ўйинда чинакам маҳорат, жасорат ва матонат намунасини кўрсатганингиз албатта юксак таҳсинга муносибдир.
Осиё қитъасидаги энг кучли жамоалар билан қизғин курашлар остида бўлиб ўтган 5 та ўйинда ҳам жамоамиз дарвозасини дахлсиз сақлаб, рақиблар дарвозасига 14 та жавобсиз тўп киритганингиз ҳам футболимиз тарихида мисли кўрилмаган натижадир.
«Ишончим комилки, сизлар бу ютуқдан янада руҳланиб, финал беллашувида “Осиё чемпиони” деган шарафли ном учун муносиб кураш олиб борасиз.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга, сизларнинг меҳрибон ота-оналарингиз, устоз-мураббийларингизга ҳам чин қалбимдан миннатдорчилик билдираман.
Бутун Ўзбекистон халқи сизларга ҳамиша бахт ва омадлар, порлоқ ғалабалар тилайди, азиз болаларим!», – дейилади хабарда.
Шарҳлар