Фарғона вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси бўлиб фаолият кўрсатиб келган Раҳимов Шерзод Абдухалилович Фарғона вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беряпти.
«Шерзод Раҳимов 1984 йилда Қува туманида туғилган. Фарғона давлат университетини ҳамда Тошкент давлат Аграр университетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2004 йилда тарих ўқитувчиси сифатида бошлаган. 2007-2010 йилларда ФарДУ аспиранти, 2010-2011 йилларда ушбу университет қошидаги академик лицейда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари бўлган. 2011-2015 йилларда «Камолот» ЁИҲ Фарғона вилояти Кенгаши раиси бўлиб ишлаган. 2015-2019 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлган. 2020 йил 22 январдан тайинловга қадар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси вазифасида фаолият кўрсатиб келаётган эди», – дейилади хабарда.
2019 йилдан буён Фарғона вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари бўлиб ишлаб келган Файзуллажон Қосимов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, жорий йил 21 февралда Бош вазир котибияти “Маҳалла еттилиги”, ёшлар сиёсати ва маънавият масалалари департаментининг раҳбари этиб тайинланганди.
Шарҳлар