“Шесть секунд” ва “Любая бизнес хороша”си машҳур бўлган Ортиқҳўжаев амалдан олинганига 1 йил тўлди. Ўрнига келган Умурзоқов қачон кўринишни бошлайди?
2023 йил якунларига келиб Тошкент ҳокими сифатида фаолият юритиб келаётган Шавкат Умурзоқов шахсига нисбатан тармоқ фаоллари, блогерлар ўз муносабатларини ёзишни бошлаганди.
Йил тугаб, янги 2024 йил ҳам бошландики, шаҳарнинг янги, амалда эса салкам 1 йиллик ҳокими Умурзоқов ҳали ҳануз на матбуотга, на халққа тўлақонли кўриниш бермаётгани қизиқ.
2022 йил якуни ва 2023 йил бошидаги “аномал” совуқлар фонида лавозимни тарк этган Жаҳонгир Ортиқҳўжаевни давлат раҳбари у лавозимга тайинланганида шундай фикрларни айтганди.
“Ўзбекистон тарихида биринчи марта, ўзим ишонган ишбилармонни Тошкент шаҳри ҳокими этиб тайинладим. Тарихда бунақаси бўлмаган”.
Лавозимга киришга кунларидан бошлаб пойтахтда ўзгаришлар, янгиланишлар қилишга уринган Ортиқҳўжаев ҳарқалай ОАВ ва жамоатчилик учун очиқ эди. Қатор ваъдалари бажарилмай қолган бўлсада, қайсидир айтган сўзи одамнинг эсида қолишига сабаб бўлганди.
У ишдан олинаётганда эса Президент Шавкат Мирзиёев унга қуйидагича тариф берган. “Қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик қилмагани учун Тошкент шаҳри ҳокими Ортиқхўжаевни кечаси штабда ишдан олдим. Қуруқ гап билан, ёлғон “сводка” билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун уни ишдан олдим”, – деган.
7 июнь 2023 йилда журналист ва блогер Никита Макаренко телеграмдаги каналида шундай ёзган.
“Мен Тошкент ҳокимлигининг телеграмдаги канали бўйича ҳисоблаб чиқдим. Лавозимга тайинланган пайтдан бошлаб, Тошкент ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов:
✅ Ёшлар, тадбиркорлар билан 12 марта учрашган ёки туманлар бўйлаб сафарларга чиқган.
✅ Хорижий делегациялар вакиллари билан 9 марта учрашган. (7 июнь 2023 йил ҳолатига)
❌ Журналистлар билан 0 марта учрашди ва уларнинг 0 та саволига жавоб берди.
Афтидан, бу қўрқув ва ваҳима.
Шавкат ака, қўрқманг! Ортиқхўжаев қўрқмади, у жасур одам эди. Келинг, унинг ҳақини берайлик”, – дейилади унда.
27 декабрь куни эса “Davletov.uz” телеграм каналида амалдаги шаҳар ҳокими фаолияти юзасидан қуйидагича пост жойланди.
“Шавкат Умурзоқовнинг пойтахтга «ио» ҳоким бўлганига ҳам 9 ойдан ошди. Ҳоким амалга ошириши керак бўлган ишлар ҳали кўп:
➖шаҳарда экологик вазият ўта оғир аҳволда. Уни яхшилаш, муаммони ҳал қилиш учун жуда катта ва аниқ режа керак;
➖шаҳар жамоат транспорти, тирбандлик муаммосини ҳал қилиш бўйича аниқ стратегия керак;
➖ОАВ, жамоатчилик билан мулоқотни йўлга қўйиш керак. Халқ билан мулоқот кўпайтирилиши лозим.
➖Маҳаллий депутатлар билан бамаслаҳат ишлаш, уларнинг олдида ҳисобдорлик бўлиши керак.
➖шаҳарда бетартиб қурилишлар, хўжасизликлар тўхтатилиши керак. Коммунал тизим барқарор ишлашини таъминлаш зарур.
Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин”, – дейилган постда.
Шунингдек, Шавкат Умурзақовнинг бошқа ваъдалари ва қатор учрашувларига изоҳ берган ҳолда Никита Макаренко телеграмдаги каналида Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри ҳокими Ерболат Досаевнинг фикрларини ҳам келтириб ўтган.
“Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг шаҳар аҳлини, оммавий ахборот воситаларини, умуман, ҳеч кимни парво қилмаслигининг асл сабабини унинг Қозоғистондаги ҳамкасби, Олмаота шаҳар ҳокими жуда яхши таърифлади. Умурзоқовнинг фикрини ҳатто билмаймиз, унга нутқ қобилияти етишмаётганга ўхшайди деб ўйлаб ҳам қоламиз.
Биз, фуқаролар, Тошкентдаги ўз ўрнимизни билишимиз керак. Жимгина нафас олинг, солиқ тўланг. Баланд гапирманг. Озгина сўранг, тезда кетинг. Умуман сўрамаслик ва келмаслик яхшироқдир. Ахир биз киммиз? Шундай қилиб, автомобил ойнасидаги манзара”, дея фотосурат улашган.
“Insider.uz” эса шаҳардаги ҳолатга эътибор қаратган ва шундай ёзган.
“Анҳордаги Олимпия шон-шуҳрати музейи яқинидаги ернинг ҳолати шундай кўринмоқда. ОАВдаги резонанслардан сўнг улар экскаваторлар билан дарахт илдизларини қазишни, бетон қуйишни тўхтатган кўринади. Бу ҳудудга пойтахт ҳокими Умурзоқов ва Шайхонтохур тумани ҳокими Зоҳидовлар масъулдир. Бетонлаш лойиҳаси ҳокимлик томонидан тасдиқланган. Одамлар шовқин сусайиб, кўп йиллик дарахтларга зарар етказиш учун яна келиб қолишларидан хавотирда. “…” Бири шаҳарни талон-тарож қилиб сотгани билан эсимизда қолса, иккинчиси уни кесиб сотиши билан ёдга олинади”, – дейилган.
23 март келса Шавкат Умурзоқов Ўзбекистон пойтахтига ҳоким бўлганига 1 йил тўлади. Қачон ОАВ вакиллари, блогерлар ва жамоатчилик билан мулоқот қилиши эса ҳануз савол остидалигича қолмоқда.
Шаҳарда ечимини кутаётган муаммолар қатори, журналистларнинг ҳам унга саволлари етарлича тўпланиб қолган.
Ҳатто, Anhor.uz нашри 2023 йил давомида 5 маротаба юборган Ахборот сўровларининг 2 тасигагина жавоб берган ҳокимлик қолган сўровларга на ҳокимлик, на унинг матбуот хизмати жавоб бермай келмоқда. Шу ўринда “«Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига мувофиқ, оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан 7 (етти) кунлик муддатда кўриб чиқилиши” белгилаб қўйилган.
Пойтахт ҳокимлиги ва матбуот ҳизмати, фақат бажарилган ишни кўрсатиш билан чекланмай, муаммоларга ҳам ижобий қарашни қачондан бошлайди?
Аввалроқ, Қўйлиқдаги улгуржи савдо маркази бошқа жойга кўчирилилгани бўйича «Бозор бузилишига ҳайратланиб қараётган тошкентликлар» мавзусидаги материални эълон қилгандик.
Шарҳлар