Йўловчилар қўлидаги дори воситалари божхоначиларда шубҳа уйғотди
Божхона органлари томонидан ғайриқонуний йўллар билан ғайриоддий усулларда сифати кафолатланмаган дори воситаларининг мамлакатимизга олиб кирилишига чек қўйилмоқда. Бу борада Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Довуд-ота” чегара божхона постига пиёда кириб келаётган бир гуруҳ йўловчилар томонидан дори воситаларининг кўп ўрамда олиб кирилиши божхоначилар эътиборидан четда қолмаган.
«Битта қути дорига белгиланган миқдордан 3 баравар кўп дори конвалюталарининг жойлаштирилиши ва бошқа бир йўловчида айнан ушбу номдаги дори бўш қутиларининг олиб ўтилиши божхона ходимининг ўринли шубҳасини янада оширди. Сақлаш ва ташиш қоидаларига риоя қилинмаган, сифатини кафолатловчи ҳужжатлари мавжуд бўлмаган мазкур 8752 дона дори воситаларининг барчаси божхона назоратини амалга ошириш жараёнида аслида фақат битта йўловчига тегишли эканлиги фош бўлди», – дейилади хабарда.
Ушбу дори воситаларининг қиймати дастлабки сўровга кўра 18,6 миллион сўмни ташкил этмоқда.
“Довуд-ота” чегара божхона постида аниқланган навбатдаги ҳолатда эса “Lada Largus” русумли автотранспорт воситасида қўшни давлат орқали республика ҳудудига кириб келган фуқаро, сифатини кафолатловчи ҳужжатларга эга бўлмаган қиймати 48,3 миллион сўмни ташкил этувчи 1506 дона 4 хил турдаги дори воситаларини олиб кирмоқчи бўлганлиги фош бўлди», – дейилади хабарда.
Шунингдек, “Волгоград-Хўжанд” йўналишида транзит тарзда ҳаракатланиб келаётган йўловчи поезди чегарада божхона назоратидан ўтказилганида, мазкур қопдаги дори воситаларининг Тожикистон Республикасига олиб кетилаётганлиги кўрсатилган.
«Лекин, поезд республикамизга кириб келгач, кўп ўтмай Тўрткўл тумани “Мискин” темир йўл бекатида айнан ўша қопдаги божхона расмийлаштирувидан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлмаган, сифати кафолатланмаган 1118 дона дори воситалари тушириб қолдирилади ва уни олдиндан келишилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси қабул қилиб олган пайтида тезкор ходимлар томонидан қўлга олинди», – дейилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар