Сирдарё вилоятида Қизил китобга киритилган қушлар савдосига чек қўйилди

Источник: Государственный таможенный комитет

Сирдарё вилоятида аввалдан кузатувда бўлган шахс бошқарувидаги “Камаз” юк машинаси Сирдарё чегара божхона постида тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, салонда спорт сумкасига 8 бош лочин яширилганлиги фош бўлди. Бу ҳақда UzNews нашри ёзади.

Бундан ташқари, қушларга шафқатсизларча муносабатда бўлиниб, жонзотлар сумкага уларнинг ҳаёти учун хавфли тарзда зичлаб жойлаштирилган. Шу куни тезкор тадбир Сирдарё туманида ҳам давом эттирилиб, ушбу қушларни сотиб олаётган шахс ҳам қўлга олинди.

Маълум бўлишича, қушларни 280 млн сўмга сотмоқчи бўлишган.

Маълумотга кўра, мазкур ҳолатда ушлаб қолинган 8 бош лочинлар Ўзбекистоннинг 2019 йилда чоп этилган Қизил китобига киритилган бўлиб, табиатан камёб ҳисобланади ҳамда уларни овлаш тақиқланган. Лочинларнинг 6 таси Қизил китобга “Итолғи” номи билан киритилган бўлиб, улар тобора йўқолиб бораётган тур ҳисобланади.

Ушбу ҳодиса бўйича божхона органлари томонидан терговгача текширув ишлари олиб борилмоқда.

Ҳозирда лочинлар Тошкент ҳайвонот боғига вақтинча сақлаш учун топширилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.