Сирдарё вилоятида туманлар ҳокимлари ва ҳоким ўринбосарларига 4 млрд сўмга Tracker автомобиллари ҳарид қилинади
Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосарларига, туман ва шаҳар ҳокимларига жами 16 та Tracker автомашинасини харид қилиш учун 4 млрд сўм ажратилиши режалаштирилаётгани хабар қилинганди. Вилоят ҳокими Акмал Маҳмудалиев 12 июль куни (кўплаб вилоятлардан фарқли равишда) жонли эфирда бўлиб ўтган вилоят кенгаши сессиясида янги автомобиллар харид қилиш нима учун кераклигини тушунтирди, деб ёзади «Газета.uz» нашри.
«Очиғини айтиш керак, мен бу масалани ҳукумат даражасига кўтардим, сабаби биз ҳудудларга чиқяпмиз. Туманда ўзимиз ҳам ишлаганмиз. Мен буни таҳлил қилдирдим. Ҳокимлар далаларга, қишлоқ хўжалиги, қурилиш объектларига боради. Кунда-кунора хар битта машинаси ҳаражат, 2016−2017 йиллардаги машиналар… Бу битта нарса, иккинчиси, барибир ишлаётган одамларга озгина мотивация керак… Айрим туманларда транспорт масаласи бўлгани учун [ҳокимлар] кластерларнинг машинасида юрибди. Эртага бу манфаатлар тўқнашувига олиб келмайдими? Бундай бўлмаслигига ким кафолат беради?.. Улардан талаб қилишим учун аввало шарт-шароит яратиб бериш керак», — деди ҳоким.
Маълумот ўрнида, 16 та Tracker автомашинасини харид қилиш учун 4 млрд сўм ажратилиши бўйича Сирдарё вилояти халқ депутатлари кенгашининг қарори лойиҳаси 11 июлдан 26 июлгача Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилганди. 27 июль куни эса кенгаш мазкур қарорни қабул қилди.
2021 йил апрель ойида Ўзбекистон ҳукумати давлат органлари раҳбарларига бириктирилган хизмат автомашиналарининг энг юқори нархини тасдиқлаганди. Вазирлар, давлат қўмиталари раҳбарлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига бириктирилган хизмат автотранспортларининг энг юқори нархи БҲМнинг 2000 бараваридан (660 млн сўм), двигатель ҳажми эса 4000 куб. см. дан ошмаслиги керак. Ўринбосарлар машиналарининг нархи БҲМнинг 1500 бараваридан (495 млн сўм), двигатель ҳажми эса 2500 куб. см. дан ошмаслиги керак. Туманлар ҳокимлари учун лимит БҲМнинг 1000 баравари (330 миллион сўм) этиб белгиланган.
Шарҳлар