Сирдарё вилоятининг собиқ ҳокими президент маслаҳатчиси лавозимига тайинланди

Фото с сайта xabar.uz

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси этиб тайинлангани муносабати билан лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда «Фергана» нашри давлат раҳбарининг матбуот хизматига таянган ҳолда ёзади.

Мирзаев эгаллаган янги лавозимнинг тўлиқ номи — президентнинг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси.

ЎзАнинг президент фармонига таяниб таъкидлашича, бу лавозим нафақат собиқ ҳоким учун янги. У икки лавозим – фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича маслаҳатчи (уни Турсинхон Худайбергенов эгаллаган) ва давлат хизмати масалалари бўйича маслаҳатчи (бўш эди) лавозимлари тугатилгандан кейин ташкил этилган.

Фармонда айтилишича, янги лавозимнинг жорий этилиши давлат ва фуқаролар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг янги тизимини яратиш, давлат органларида мурожаатларни кўриб чиқишга замонавий ёндашувларни жорий этиш, бу борадаги масалаларни ҳал этишда таъсирчан назоратни ўрнатиш истаги билан боғлиқ.

Ғофуржон Мирзаевнинг олдига сўнгги пайтларда фаолияти етарлича самара бермаётган ва аҳолининг адолатли танқидига сабаб бўлаётган Халқ қабулхоналари институтини кучайтириш вазифаси қўйилган.

Хусусан, Халқ қабулхоналари ходимлари давлат органлари томонидан қонун ҳужжатларини бузганликлари тўғрисида жисмоний ва юридик шахсларнинг аризаларига кўра тузилган маъмурий баённомаларни тузиш ва судга юбориш ҳуқуқига эга бўлди.

2019 йил февраль ойида тасдиқланган Халқ қабулхоналари тўғрисидаги низомга кўра, улар Ўзбекистон президентининг тегишли маслаҳатчиси бўлимлари таркибига киради. Халқ қабулхоналари ходимлари президент маъмурияти ходимлари ҳисобланади. Улар олдида кўплаб вазифалар, шу жумладан “аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, уйма-уй юриб, муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилишга қаратилган ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш, шунингдек, мурожаатлар билан ишлашнинг самарали тизимини таъминлаш каби вазифалар турибди.

Ғофуржон Мирзаев 58 ёшда. Тошкент политехника институти ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети дипломига эга. 2003 йилда Президент Аппаратида (ҳозирги Президент Администрацияси) инспектор лавозимида иш бошлаган. 2016 йил декабрь ойида Сирдарё вилояти ҳокими этиб тайинланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.