Сирдарёда Ўзбекистон-Хитой инвестиция жамғармаси ташкил қилинади

Президент Узбекистана на сессии Сырдарьинского областного Кенгаша народных депутатов 7 апреля. Фото: пресс-служба главы государства

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 апрель куни Сирдарё вилоятига ташриф буюрди. Гулистон шаҳрида халқ депутатлари Сирдарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда мамлакат президентининг матбуот хизмати маълум қилади.

Инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун Сирдарёда “Ўзбекистон-Хитой инвестиция жамғармаси” ташкил этилади. Бу жамғарма Хитойнинг нуфузли Ипак йўли фонди ва бошқа молия ташкилотлари билан бирга ташкил қилинади. Жамғармага 1 миллиард доллар сармоя олиб келинади.

Шунингдек, Сирдарёда 500 миллион долларлик инвестиция ҳисобига Ўзбекистон-Хитой биотехнологиялар кластери барпо этилади. Унда Хитойнинг етакчи олийгоҳлари билан бирга Гулистонда халқаро таълим ва тадқиқот университети, инновацион тиббиёт клиникаси, Марказий Осиё геном маркази, онкологик касалликларни даволаш учун Ҳужайра терапияси маркази ташкил қилинади. Шунингдек, кластер томонидан замонавий диагностика қурилмалари, инновацион вакциналар, пробиотиклар ва онкологик касалликлар учун дори воситалари ишлаб чиқарилади.

Бунинг учун 200 гектар ер ажратилиб, 10 минг талаба учун ўқув бинолари, замонавий кампус, лабораториялар, муҳандислар мактаби ташкил этилади.

Давлат раҳбари Сирдарёни саноат, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, таълим ва тиббиёт бўйича “илғор инновациялар ҳудуди”га айлантириш зарурлигини таъкидлади. Хусусан, илғор инновациялар ҳудудида био-фармацевтика, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, электро-техника, тиббиёт, таълим соҳаларининг 20 та йўналишидаги лойиҳаларига алоҳида имтиёзлар режими жорий қилинади. Унга кўра ер, мол-мулк, фойда ва айланма учун солиқлар ҳамда божхона божларидан 3 йилгача озод қилинади. Ер участкалари соддалашган тартибда ажратилади, ер ва биноларни сотиб олишда 5 йилгача бўлиб тўлашга рухсат берилади.

Вилоятнинг 11 та туман ва шаҳри Хитой модели асосида саноатга ихтисослашади, ҳар бирида инновацион технопарклар ташкил қилинади. Уларда электротехника, био-фармацевтика, кимё, қурилиш материаллари, ипак ва озиқ-овқат саноатида инновацион лойиҳалар амалга оширилади. Технопаркларга эркин иқтисодий зона мақоми берилади ва “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимининг соддалашган тизими жорий қилинади. Жорий йилда технопарк инфратузилмасига 200 миллиард сўм ажратилади.

 «Сирдарёда энг илғор агротехнологиялар жорий этилади. Хитойдан вилоят ҳокимига қишлоқ хўжалиги бўйича маслаҳатчилар, ирригация ва мелиорация тизимлари модернизациясига инвесторлар жалб қилинади», – дея қайд этади матбуот хизмати.

Хитой тажрибаси ёрдамида Сайхунободда қорамол ва паррандачилик эко-комплекслари, Мирзаободда интенсив анор, қовун, пекан ёнғоғи ва балиқчилик плантациялари ташкил қилинади. Ховосда ўсимликлардан табиий бўёқлар ишлаб чиқариш қуввати, мева-сабзавотни сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш технопарки ташкил этилади. Шўр ва сувсизликка чидамли экин турлари, чорвачилик наслларини яратиш бўйича Хитойнинг етакчи олийгоҳлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.

«Сирдарё мамлакатимизни Қозоғистон, Тожикистон, Хитой ва Афғонистон билан боғлайдиган йирик логистика хабига айлантирилади. Бунинг учун, Хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда республиканинг шарқий ва марказий қисмларини ҳамда чет эл йўналишларига боғлайдиган янги транспорт маршрутлари ва мулти-модал логистика маркази қурилади. Булардан ташқари, йўлларни қуриш, таъмирлаш ва бошқаришга хусусий секторни жалб қилиш ҳам Сирдарёдан бошланади».

Тиббиётдаги ислоҳотлар натижаси ва соҳадаги имкониятларга таяниб, Гулистон шаҳри мамлакатимизнинг “инновацион медицина хаби”га айлантирилади.

Сирдарёда ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга жорий йилги давлат дастурларида кўзда тутилган 685 миллиард сўмга қўшимча 380 миллиард сўм, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга яна 110 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.

Саноат, аграр соҳа ва тадбиркорлик лойиҳаларига 1 миллиард доллар, инфратузилма барпо этишга 105 миллион доллар жалб қилиш бўйича топшириқ берилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.