Солиқ қўмитаси фойда солиғи бўйича ноқонуний ундирилган аванс тўловларини қайтаришни буюрди
Тадбиркорларнинг солиқ идоралари ўз ҳисобварақларидан фойда солиғини ноқонуниний равишда ушлаб қолаётгани ҳақидаги шикоятларидан сўнг Солиқ қўмитаси бу учун масъул раҳбарларни ишдан бўшатиб, корхонага ортиқча ундирилган аванс тўловларини тадбиркорлик субъектларига қайтариш бўйича кўрсатма берди. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри ёзади.
Telegram`даги «Каинбек» каналида тадбиркорлик субъектига катта суммада фойда солиғини аванс (дастлабки) тўловини тўлаш учун даъво келгани ҳақида пост эълон қилинди.
Тадбиркор шу вақтгача барча солиқларни тўлаб келаётгани, ҚҚС тўловчиси сифатида солиқ тўловчининг коэффициенти яшил зонада эканини қайд этган.
«Бугун эрталаб нимани кўряпмиз? Даромад солиғини тўлаш учун *** 000 000 сўм миқдорида аванс (дастлабки) тўловини тўлашга даъво! … Агар ўтган йилнинг охирида биз молиявий кўрсаткичларимизни озми-кўпми яхшилашга муваффақ бўлган бўлсак, бу бизда ҳар ой шундай даромад бор дегани эмас. Ишчиларнинг маоши, ижара, буларни қандай тўлайман? Ҳатто-ки интернет учун ҳисобимда пулим йўқ. Огоҳлантиришлар ёки бошқа билдиришномаларсиз, ҳатто учетный картада ҳам олдиндан тўловлар ҳақидаги хабар бўлмаган. Янги йилдан кейин уч ой ўтгач, йил бошидан бери деярли бир миллиард ҳисобланган!» — дейди тадбиркор.
Қайд этилишича, ушбу камчиликларга йўл қўйгани учун Солиқ қўмитаси масъул назорат департаменти бошлиғи Б.Муқимов ва Тошкент шаҳар бўлим бошлиғи О.Лутфиллаев эгаллаган лавозимларидан озод этилган. Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи Ю.Насимжанов ва Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Ж.Мирпўлатовнинг махсус унвонлари бир поғонага пасайтирилиб, интизомий жазо чораси белгиланган.
Шунингдек, Солиқ қўмитаси солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш департаменти бошлиғи Х.Базаровга нисбатан ҳайфсан интизомий жазо чораси тайинланган. Фойда солиғи бўнак тўловлари ҳисобидан буджетга ундирилган ортиқча маблағларни 28 март куни соат 13:00 га қадар солиқ тўловчиларга тўлиқ қайтариш вазифаси белгиланган.
Қайд этилган ҳолатлар бўйича Тошкент шаҳар солиқ органларида махсус бошқарма томонидан хизмат текшириши ўтказиш ва натижалари бўйича ҳужжатларни ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига юбориш вазифаси топширилган.
«Ҳурматли тадбиркорлар, Солиқ қўмитаси қайд этилган ҳолатлар бўйича вақтида ахборот берган тадбиркорлик субъектларига миннатдорлик билдирган ҳолда, суммасидан қатъий назар келгусида қайд этиладиган ҳар бир ҳолат бўйича Солиқ қўмитасига ёки @dsq_anticorrupciya_bot га мурожаат қилишингизни илтимос қилади», — дейилади хабарда.
Шарҳлар