ССВ Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган вирусга қарши препарат сабабли 15 нафар боланинг нобуд бўлиши бўйича текшириш ишларини бошлади

Фото: quramax.uz

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида 2 ой ичида «Док-1 Макс» (Ҳиндистон) таблеткалари ва сиропини ичган 21 нафар болада асоратлар юзага келгани, 15 нафар бола вафот этгани ҳақида хабар пайдо бўлди. 22 декабрдан ушбу дорининг республика ҳудудидаги савдоси тўхтатилди, тергов бошланди. Бу ҳақда “Газета” нашри ёзади.

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази директори М.Азизовнинг вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиёзовга ёзган хати нусхаси пайдо бўлди, унда «Док-1 Макс» таблеткалари ва сиропини қабул қилган беморларда асоратлар юзага келгани ва ўлими ҳақида сўз боради.

15 декабрдаги мактубида у сўнгги ойларда вилоят аҳолиси, айниқса, болалар ўртасида респиратор вирусли инфекциялар кенг тарқалгани, бирламчи бўғинда фаолият кўрсатаётган врачлар томонидан (баъзан оналарнинг ўзлари) «Док-1 Макс» препарати жуда кўп қўлланилаётганини қайд этган. Ушбу препаратнинг таркиби парацетамол, гвайфенизин ва фенилэфрин гидрохлориддан иборат.

«„Док-1 Макс“ препарати қўлланилганда, жуда кўп ҳолатларда ножўя таъсири оқибатида бизга мурожаат қилмоқда. Асосан болаларда буйрак зарарланиши ва етишмовчилиги белгилари намоён бўлмоқда», — дейилади мактубда.

Унда айтилишича, охирги 2 ойда 21 нафар бемор шу дори воситасини қабул қилганидан сўнг ножўя таъсири билан мурожаат қилган. “Бемор болаларда асосан анурия кутилган. Булардан 17 тасида касаллик ниҳоятда оғир кечди. Ҳатто бир неча гемодиализ сеансларини ўтказишга ҳам тўғри келди. 15 нафар ўлим ҳолати кузатилди”, — дейилади мактубда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz» нашрига мактубнинг тўғрилигини тасдиқлаган.

22 декабрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига таянган ҳолда Беморлар аҳволини ўрганиш ва ҳолат сабабларини аниқлаш мақсадида тезкор мутахассислар гуруҳи тузилганини маълум қилди.

Самарқанддаги дорихоналардан харид қилинган Ҳиндистонинг Marion Biotech Pvt. Ltd компаниясига тегишли «Док-1 Макс» таблетка ва лимон ва асал таъмли сироп дори воситалари ўрнатилган тартибда экспертизадан ўтказилмоқда. Лаборатория таҳлиллари якунлангач, унинг натижалари ҳақида эълон қилинади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.