ССВ раҳбари шифокорларга миннатдор беморлар ҳисобидан бойишни таклиф қилди

Амрилло Иноятов. Фото: Минздрав

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Фарғона вилоятида тиббиёт ходимлари ва ОАВ вакиллари билан учрашувда тизимдаги коррупцияни бартараф этиш масаласига тўхталиб ўтди. Журналистлардан бири Иноятовнинг ишга киришиши билан илгари сурган ташаббусига таклиф сифатида «коррупцияни йўқотиш учун авваламбор яхши шароит ва ойлик маош билан таъминлаш зарурлиги, шундагина бу иллат ўз-ўзидан йўқолишини» айтди. Бу ҳақда Gazeta.uz нашри ёзади.

«Тўғри, гапингизда жон бор. Биз ривожланаётган давлатмиз. Шифокорларимизнинг ойлигини бирданига 2000−5000 доллар қила олмаймиз. Мактабларимиз [етишмовчилиги муаммоси] бор. Муаммо кўп. Лекин бу секин-аста [ҳал] бўлаяпти», — деди вазир.

У гап раҳбар-шифокорлар ҳақида гап кетаётганини таъкидлаб, ходимлардан бирининг ойлик маошини қанчалигини сўради. Саволга жавобан шифокор 5,5 млн сўм ойлик олишини айтди. Вазир яна савол билан юзланиб, бемор ҳам кўриш-кўрмаслигини сўради ва тасдиқ жавобини олди.

«Шу беморни агар меҳр билан даволасангиз, рози бўлиб, ўзи сизга баракасини (пул назарда тутилмоқда — таҳр.) бериб кетади. Сўрамасангиз ҳам ўзи хурсанд бўлиб, бериб кетади. Вазир сифатида айтиш қанчалик тўғри [ёки йўқ], лекин мен очиқ-ойдин айтаяпман. Етмайдими? Мана савол. Етмайдими деган саволни ўзимизга ўзимиз беришимиз керакда», — деди Амрилло Иноятов.

У шунингдек, ўзи ҳам операция қилишини (яъни беморларга хизмат кўрсатишини) қўшимча қилган.

«Гар қаноат бирла юрсанг барқарор, дунёда ҳеч бўлмагайсан хори-зор. Одам сабрли бўлиб, қаноат билан ўзини устида ишлаб, ўзини брендини яратса, халқнинг ўзи шундай боқадики… Эҳ-ҳэээ жонажон халқимиз ўзи оёғингизни ерга теккизмай олиб юради», — деди ССВ раҳбари.

«Вақти-соати келади, 1−2 ёки 5 йилдан кейин 5−10 минг доллар оладиган кун келар. Бунинг учун ҳар бир ташкилот раҳбарининг ўзида гап кўп. Нима учун? Мен ўзимни олдинги ташкилотим [Бухоро давлат тиббиёт институти]да ректор бўлиб ишлаган пайтимда, бундан 5−6 йил олдин, ходимларим бугун 10 млндан 30 млн сўмгача ойлик олаяпти. Шунақа шароит қилиб берганман. Шунақа пул топиш йўлларини қилиб берганман. Расмий (қонуний — таҳр.) пул топамиз ва шундан кимни ишига қараб, пулни тақсимотини қиламиз. Марҳамат, ҳамма раҳбарга бу ваколат берилган. Бу раҳбарнинг шахсига ҳам боғлиқ. Бунинг учун раҳбар тоза бўлиши, тўғри ишлаши, ўзидан бошлаши керак. Барча параметрлар бўйича ўзи намуна бўлиши лозим», — дея сўзини якунлади Иноятов.

Эслатиб ўтамиз, декабрь сўнгида соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланган Амрилло Иноятов тизимда 2023 йилни Коррупцияга қарши кураш йили деб эълон қилганди. «Ишонч телефони сифатида ўзимнинг шахсий рақамимни ҳам киритаман», — деганди у. Вазирлик тизимида 2020 йил ҳам коррупцияга қарши кескин кураш йили бўлганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.