Суд қизга “уйланиш таклифи”ни қилмоқчи бўлган йигитни уч суткага ҳибсга олди

Кадр из видео

Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди жума куни йўлнинг қатнов қисмида пранк уюштирган ёшларни уч суткага маъмурий қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарди, деб ёзади Тошкент шаҳар судлари матбуот хизматига таяниб “Газета.uz” нашри.

Бир кун аввал ижтимоий тармоқларда   оёғига гипс қўйилган, қўлида гул кўтарган йигит тўғридан-тўғри пиёдалар ўтиш жойида “қоқилиб”, қўлтиқ таёқчасини тушириб юборгани ва бир тиззасига чўкиб, ўзи томон келаётган қизга турмушга чиқиш таклифини изҳор қилаётгани акс этган видео тарқалди. Автомобиль ҳайдовчилари бу вақтда тўхтаб турган ва кутган, кейин эса ёшларни айланиб ўта бошлаган. Қиз гулларни олмаган, йигитга эса туришига ва йўлдан четга чиқишига ёрдам беришган.

Суд 23 ёшли М.Т. ва 19 ёшли Д.П.га нисбатан ишни кўриб чиқиб, улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганини аниқлади ва 32-модданинг 4-қисмига мувофиқ маъмурий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларни (бир гуруҳ шахслар томонидан ҳуқуқбузарлик содир этиш) ҳисобга олган ҳолда, уларнинг ҳар бирига уч суткадан қамоқ жазосини тайинлади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.