Суд мажлисида Нукус воқеаларида ҳалок бўлганлар рўйхати тақдим этилади – Бош прокуратура

Источник: ombudsman.uz

Ўзбекистон Бош прокуратураси Нукусда 1−2 июль кунлари юз берган воқеалар вақтида ҳалок бўлганларнинг рўйхати эълон қилинадими, деган саволга жавоб берди. Ушбу савол, жамоатчиликни ўйлантираётган масала бўлгани боис, Қорақалпоғистондаги воқеаларни ўрганиш бўйича Мустақил парламент комиссияси томонидан берилган эди, деб ёзади «Газета.uz» нашри.

Мустақил комиссия, жумладан, намойишлар вақтида вафот этган фуқароларнинг ўлими сабаблари — бу қийноқ оқибатида бўлганми, ўқотар қурол ёки махсус воситалар туфайлими ва ҳоказо — маълум қилинадими-йўқми, қабилидаги савол билан мурожаат қилган.

Бош прокуратура шундай жавоб берган: «Оммавий тартибсизликлар вақтида вафот этган 19 нафар шахснинг рўйхати ва вафот этиш сабаблари очиқ суд мажлислари давомида бирма-бир муҳокама қилинади».

Бош прокуратура дастлаб, 4 июль куни 18 киши, хусусан, ҳуқуқ-тартибот органларининг 4 нафар ходими вафот этгани ҳақида ахборот берганди. Кейинчалик идора қурбонлар сони 3 тага ошганини маълум қилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.