Суд Quramax Medikal компаниясини Ўзбекистонда лицензиядан маҳрум қилди

Источник: Яндекс.Карты

Бугун Тошкент туманлараро иқтисодий судида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг “QURAMAX MEDIKAL” МЧЖга фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган 2019 йил 10 декабрдаги П6580-рўйхат рақамли лицензияни бекор қилиш ва қўллаш учун яроқсиз дори воситаларини муомаладан чиқариб, йўқ қилиш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар беради.

Олий суднинг қайд этишича, тарафлар эълон қилинган ҳал қилув қарори устидан қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатда шикоят қилиши мумкин.

Суднинг ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ушбу ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради.

Шунингдек, мазкур иқтисодий ишга доир ваколатли идора ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги юзасидан қонун талаблари бузилганлиги бўйича ҳуқуқий баҳо бериш ҳақида хусусий ажрим чиқарилиб, Тошкент шаҳар прокуратурасига юборилиши белгиланди. Ушбу ажрим устидан белгиланган тартибда шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда “Док-1 Макс” сиропини қабул қилган камида 20 нафар бола нобуд бўлган эди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг мутасаддилари вазирликдан “Док-1 Макс” сиропини қабул қилган болалар ўлими ҳақидаги маълумотни яширганини айтганди.

Аввалроқ Давлат хавфсизлик хизмати “Док-1 Макс” ва «Амбронол» препаратларининг лаборатория текширувлари белгиланган тартибда ўтказилмаганини маълум қилди. Кўрилган жиноят иши доирасида “Quramax Medikal” МЧЖнинг икки нафар раҳбар ходими ва “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖнинг икки нафар масъул ходими белгиланган тартибда гумондор сифатида ДХХ тергов изоляторига жойлаштирилди.

Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси эса йўтал сиропини ишлаб чиқаришни тўхтатди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.