Сурхондарё вилоятида қарзи учун маҳаллий аёлнинг сочларини таги билан олиб ташлашди
Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти прокуратураси бир миллион сўм қарзи бўлган таниш аёлни “самосуд” қилган икки нафар маҳаллий аёлга нисбатан безорилик моддаси бўйича жиноий иш қўзғатди. Бу ҳақда вилоят назорат идорасининг матбуот хизматига таяниб “Медиазона” ёзади.
Тергов маълумотларига кўра, ҳодиса Денов туманида содир бўлган. Икки аёл маҳаллий фуқаролардан бирининг ёрдамида ўзларидан қарздор бўлган таниш аёлни кимсасиз далага олиб кетишган. У ерда уни ечинтириб, калтаклашган, кейин сочларини ва қошларини таги билан олиб ташлашган. Эркак ушбу жараённи видеога олган. Кейин жабрланувчини янада таҳқирлаш мақсадида видеони интернетга жойлаштирган.
Ҳудудий прокуратура матбуот хизматининг таъкидлашича, “самосуд”ни ташкиллаштиришда гумон қилинаётган икки нафар аёл процессуал тартибда қамоққа олинган. Бироқ идора уларга ёрдам берган шахс ва унинг жавобгарликка тортилиши ҳақида аниқлик киритмаган.
Шарҳлар