Сурхондарё вилоятида бешта туман ҳокими ўзгарди

Источник: unsplash.com

Сурхондарё вилоятида Термиз, Ангор, Жарқўрғон ва Музробод туманларининг ҳокимлари ўзгарди, дея хабар беради вилоят ҳокимлиги. Чоршанба куни бўлиб ўтган туман халқ депутатларининг навбатдан ташқари сессияларида ташкилий масала кўриб чиқилди, деб ёзади «Газета.уз».

Термиз тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Уринов Шухратжон Бекмахматович вазифасидан озод этилди. Туман ҳокими лавозимига Назаров Шухрат Худайбердиевич тасдиқланди.

У 1968 йил 16 апрелда Шўрчи туманида туғилган. 1991 йил Тошкент халқ хўжалиги институтини, 2002 йилда Тошкент давлат юридик институтини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги иқтисодчи, ҳуқуқшунос.

У 2008−2022 йилларда Солиқ органларида турли лавозимларда фаолият юритган. 2022 йилдан буён Чирчиқ шаҳар Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаб келаётган эди.

Халқ депутатлари Ангор тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Абдуллаев Шоҳжаҳон Бекмуратович вазифасидан озод этилди. Туман ҳокими лавозимига Мардонов Қосим Эсонович тасдиқланди.

У 1975 йил 24 ноябрда Термиз туманида туғилган. 1997 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги иқтисодчи.

У 2007−2020 йилларда Молия бошқармаси, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда Вазирлар Маҳкамасида турли лавозимларда фаолият юритган. 2020 йилдан буён Вазирлар Маҳкамаси Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибиятининг Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари бўйича бош мутахассиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

Элмурод Авазов Жарқўрғон тумани ҳокими лавозимига тайинланди.

У 1988 йил 15 июлда Шеробод туманида туғилган. 2010 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги бухгалтерия ҳисоби ва аудит, давлат молиясини бошқариш. Э.Авазов 2012—2022 йилларда иқтисодиёт бошқармаси ва вилоят ҳокимлигида турли лавозимларда фаолият юритган.

2022 йилдан буён Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Савдо ва хизматлар инфратузилмасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

Абдурашид Исмаилов эса Музработ тумани ҳокими лавозимига тайинланди.

У 1977 йил 12 июлда Бойсун туманида туғилган. 2005 йил Термиз давлат университети, 2014 йил Тошкент молия институтини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги педагог, бюджет ҳисоби ва назорат-молия.

А.Исмаилов 1996—2022 йилларда ижтимоий таъминот, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасида турли лавозимларда фаолият юритган.

2022 йилдан буён Музработ тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

Шўрчи туманига эса Улуғбек Зокиров ҳоким этиб тайинланди.

Улуғбек Зокиров 1974 йил 3 декабрда Сариосиё туманида туғилган. 1997 йил Термиз давлат университети, 2004 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги биология ўқитувчиси, иқтисодчи.

У 1997−2022 йилларда тижорат банклари, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қишлоқ қурилиш инвест, Марказий банк бошқармасида турли лавозимларда фаолият юритган.

2022 йилдан буён Республика Марказий банк департамент директори ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Фотосуратлар: Сурхондарё вилоят ҳокимлиги, ЎзА.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.