Сурхондарёда минглаб болалар инклюзив таълимдан кенгайтирилган тарзда фойдаланиш имконига эга бўлди

Фото: ЮНИСЕФ

Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган ва Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегарадош Сурхондарё вилоятида инклюзив таълим, ижтимоий хизматлар ва маҳаллий аҳолининг ҳуқуқий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини ошириш орқали барқарорликни таъминлашга қаратилган ЮНИСEФ дастури сурхондарёлик минглаб болаларни кенгайтирилган ва инклюзив таълим билан қамраб олди. Бугун Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси ва ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сурхондарё вилоятида мазкур дастур ижроси билан танишди.

Дастурни амалга ошириш учун ЕИ 1 600 000 евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатди. Ҳудудда яшовчи 35 мингга яқин болалар, ёшлар ва қийин аҳволда бўлган оилалар, жумладан, шу ерда истиқомат қилувчи афғонлар ҳам яхшиланган ижтимоий хизматлардан, жумладан, таълимдан баҳраманд бўлиш имконига эга бўлди.

ЮНИСEФ Мактабгача таълим агентлиги билан ҳамкорликда мактабгача таълимдан фойдаланиш имконияти бўлмаган жамоалар учун инновацион инклюзив гуруҳларни ташкил қилди. Термиз шаҳридаги, Сурхондарё вилоятининг Термиз ва Музработ туманларидаги давлат мактабгача таълим муассасаларида ўнта кўп тилли муқобил гуруҳлар ташкил этилди.

Айни пайтда ёрдамга 3-6 ёшли боласи бор муҳтож оилаларнинг 400 нафардан ортиқ болалари, жумладан, вилоятда яшовчи афғон болалари кўп тилли муқобил гуруҳларга қатнай бошлади. Барча гуруҳлар юқори сифатли мебеллар, ўйинчоқлар, ўқув материаллари, болалар кутубхонаси ва бошқа кўплаб ўқув материаллари билан таъминланиб, болаларнинг билим олиши ва ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Инклюзив таълим учун шарт-шароитлар яратиш, жумладан, сув, санитария ва гигиена тизимлари билан бир қаторда, жаҳон даражасидаги тегишли илғор тажрибалар даражасида кўп тилли таълимнинг янги модели жорий этилди.

Бугун Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан ва ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде Термиз шаҳридаги мактабгача таълим муассасаларида янги ташкил этилган муқобил кўп тилли гуруҳларнинг очилишида иштирок этди.

Шарлотта Адриан ва Мунир Мамедзаде қийин аҳволда қолган ўқувчилар, жумладан Сурхондарё вилоятида яшовчи афғон болалари учун таълим ва ижтимоий-маънавий ёрдам кўрсатувчи мактабга ташриф буюришди.

Мактабга бормаётган болаларнинг давлат таълимидан фойдаланиши қўллаб-қувватланди. Дастур ижтимоий-эмоционал ўқитиш ва инклюзияга қаратилган. Натижада 210 нафардан ортиқ афғонистонлик болалар Термиз мактабларида доимий кўмак олмоқда ва қўшимча дарсларга қатнамоқда. Шунингдек, амалга оширилган дастур доирасида ўқитувчилар дарсга қатнашмаганлиги ёки мактабда ўқитиш тилини яхши билмаслиги сабабли муваффақиятсизликка учраган болаларни ўқитишнинг турли стратегияларини ўргандилар. Бу барча болалар учун таълим натижаларини яхшилаши кутилмоқда.

“Инклюзив таълим сифатли таълим, сифатли таълим эса инклюзивдир. Жорий этилган янги ўқитиш ва таълим стратегиялари ўқитувчиларга таълим жараёни давомида барча болаларни қўллаб-қувватлаш имконини берди”, — дейди ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. “Европа Иттифоқининг кўмаги, шунингдек, ЮНИСEФ ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўртасидаги яқин ҳамкорлик туфайли Сурхондарё вилоятидаги Афғонистонлик болалар ва таълим олиш қийинчиликларга дуч келган маҳаллий аҳолининг болалари сифатли таълим олиш имкониятига эга бўлди”.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.