Тўпаланг сув омборидан тортиладиган ичимлик суви магистрал тармоғи 2024 йилда ишга тушади

Источник: president.uz

Бугунги кунда Сурхондарё вилояти аҳолисининг 46 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланмаган. Бу ҳақда  президентга вилоятда ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича лойиҳаларни тақдим этиш жараёнида маълум бўлди.

218 та сув иншооти ва 3 минг километрдан зиёд тармоқлар таъмирга муҳтож. Вилоятнинг жанубий туманлари ва Термиз шаҳрида сув минерализацияси миқдори ошган.

Шу боис давлат раҳбари 2 июнь куни Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида “Тўпаланг” сув омборидан ичимлик суви тармоғини тортиш бўйича кўрсатма берган эди. Президент матбуот хизматининг маълумотларига кўра, тармоқ қурилишининг дастлабки лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Лойиҳага мувофиқ, сув омборининг қуйи қисмида босимни сўндириш, сувни тозалаш ва тарқатиш иншоотлари қурилади. У ердан туманлардаги сув тақсимлаш узелларигача жами 361 километр қувур тортилади. Бу тизим самарасида Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳридаги 1 миллион 700 минг аҳолининг сув таъминоти яхшиланади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 138 миллион доллар бўлиши ҳисоб-китоб қилинган. Уни 2024 йилда ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Шавкат Мирзиёев лойиҳани маъқуллаб, уни босқичма-босқич амалга ошириш бўйича кўрсатма берди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.