Табиат ресурслари вазирлиги Анҳор соҳилида 9 қаватли меҳмонхона экспертизасиз қурилаётганини айтмоқда

Фото: Эффект Макаренко / Telegram

Тошкент шаҳридаги Анҳор канали соҳилида қурилиш ишлари атроф-муҳитга таъсир бўйича экспертизасиз ва Каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ пойтахт ҳудудларини ободонлаштириш бошқармасининг хулосасисиз амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Табиат ресурслари вазирлигининг матбуот хизматига таяниб, «Газета.уз» хабар беради.

Вазирликнинг маълум қилишича, Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмоновнинг 2014 йил 14 майдаги қарори билан Toshkent O’rdasi  компанияси томонидан канал бўйида 9 қаватли меҳмонхона қуришга рухсат берилган. Бугунги кунга қадар унинг 5 қавати қурилган.

Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 2018 йил 13 июлдаги қарори билан (ўша пайтда у ҳоким вазифасини бажарувчи эди) Бўзсув канали қирғоғининг кенглиги 15 метр эканлиги аниқланган.

Бироқ ўрганишлар давомида қурилаётган бино Бўзсув канали қирғоғидан 10 метр узоқликда жойлашгани аниқланди. Қурилиш ишлари учун Каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларини ободонлаштириш бошқармасидан рухсатнома олиш,  давлат экологик экспертизасининг хулосаси талаб қилинади. Бироқ на рухсат, на хулоса олинган, дейилади хабарда.

Шу муносабат билан Тошкент шаҳар Экология бошқармаси томонидан қурилиш ташкилотига қурилиш ишларини тўхтатиш ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан огоҳлантириш берилди.

Бундан ташқари, қонун бузилиш ҳолатлари билан боғлиқ ҳужжатларни тўплаш, вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш учун судга даъво аризасини тақдим этиш ҳам режалаштирилган.

Маданий мерос агентлиги аввалроқ Тошкент шаҳридаги Анҳор соҳилида қурилаётган бино ёнида жойлашган чойхона Ўзбекистон моддий маданий мероси объектлари рўйхатига киритилгани ва давлат муҳофазасида эканлиги ҳақида хабар берган эди. Илмий-эксперт кенгашининг хулосасисиз меҳмонхона қурилиши натижасида тарихий бино яроқсиз ҳолга келиб, қулаб туша бошлаган. Бу ҳақдаги ҳужжатлар агентлик томонидан прокуратурага юборилган.

Аввалроқ биз ҳам сув омборлари ва бошқа сув омборлари, дарёлар ва қуриб кетмайдиган сув оқимларининг сув муҳофазаси зоналарида, шунингдек, суви маиший ва ичимлик эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган каналларда ҳар қандай турдаги доимий ва вақтинчалик бинолар ва иншоотлар, жумладан, оғилхоналар, омборлар, ҳожатхоналар қурилиши тақиқлангани ҳақида ёзган эдик. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги 981-сонли қарорида белгиланган. Бироқ, ишбилармонлар ҳукумат қарорини менсимай, бу ерда хотиржамлик билан ўз ишини қилмоқда.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.