Табиат ва маданий ёдгорликларга етказилган зарар ҳақида хабар берганлик учун қанча тўланади

Источник: Управление культурного наследия Бухарской области

Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида давлат экологик назоратининг замонавий механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда “Норма” нашри ёзади.

Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликни, шунингдек, атроф-муҳитга зарар етказишни фото ёки видео тасвирга олиб юборган шахсларга пул мукофоти берилади. Тасдиқланган ҳар бир ҳолат учун ҳуқуқбузарга жарима солинганидан кейин ушбу маблағлар ҳисобидан унга БҲМнинг 1 баравари миқдорида (270 000 сўм) тўланади.

Мазкур қарор билан “Эконазорат” ахборот тизими орқали экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фото ва видео материаллар Экология давлат қўмитасига юборилишини кўзда тутувчи Низом тасдиқланди.

Маданий мерос объектларига бўлган ҳуқуқлар бузилганлиги тўғрисидаги фотосуратлар ёки видеолар “Маданий мерос назорати” ахборот тизими орқали Маданий мерос агентлигига юборилиши лозим.

Материалларда қуйидагилар аниқ кўрсатилиши керак:

  • содир этилган ҳуқуқбузарлик;
  • ҳуқуқбузар ҳақида маълумотлар (мавжуд бўлса);
  • маданий мерос объектининг номи (тегишли ҳуқуқбузарлик учун);
  • ҳуқуқбузарлик содир этилган манзил, сана ва вақт.

Расмлар ва видеоларга бирор-бир ўзгартириш киритиш тақиқланади.

Олинган сурат ва видеолар 15 иш куни мобайнида масъул ходим томонидан кўриб чиқилади ва қоидабузарни аниқлаш учун Ички ишлар вазирлигига юборилади. Ички ишлар вазирлиги материалларни ўрганиб чиқади, қоидабузарни аниқлайди ва 10 иш куни ичида ҳолатларга қараб Экология давлат қўмитаси ёки Маданий мерос агентлигига юборади.

Қуйидаги ҳуқуқбузарликлар акс этган сурат ва видеони юборган шахсларга пул мукофотининг миқдори:

  • дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва кўчатларни қонунга хилоф равишда кесиш, шикастлаш, нобуд қилиш ёки кўчириш – 1 БҲМ (270 000 сўм);
  • экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги бошқа ҳуқуқбузарликлар тўғрисида — ҳуқуқбузарга солинадиган жариманинг 15 фоизи миқдорида;
  • моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун – 1 БҲМ (270 минг сўм).

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.