Тадбиркор Дилшод Тўрахўжаев Тошкент ИИББда қийноқларга солинган бўлиши мумкин

Фото: UzReport TV, «Эзгулик»

1 май куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти матбуот хизмати Дилшоджон Тўрахўжаев Тошкент шаҳар ИИББ тергов бўлимида қийноққа солингани ҳақида пост эълон қилди. Бу ҳақда “Газета.uz” нашри ёзади.

Дилшод Тўрахўжаев Ўзбекистонда туғилган, лекин Россия фуқароси. У 3-февраль куни UzReport TV телеканалига берган интервьюсида 20 йил Россия Федерациясида (2000−2020-йиллар) яшаганини, бироқ президент Шавкат Мирзиёевнинг хориждаги ватандошларга чақируви нутқлари ортидан мамлакат тараққиётига ҳисса қўшиш учун ватанига қайтишга қарор қилганини айтади.

Тадбиркор Наманган вилояти Поп тумани Чодак қишлоғида кунига 2 минг нафаргача сайёҳни қабул қила оладиган «Aparat Hotel Kosmos» сайёҳлик иншооти ва дам олиш маскани қурилишига 25 миллиард сўм сармоя киритган. Унинг сўзларига кўра, лойиҳа 75 кишини иш билан таъминлаш имконини беради.

ИИВ хабарида қайд этилишича, 2023 йилнинг 12 апрель куни ИИВ Тезкор қидирув департаменти Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси, Тошкент шаҳар ИИББ, Наманган вилояти ИИБ ҳамда ДХХ ходимлари томонидан Тошкент шаҳри ва Наманган вилояти ҳудудларида ўтказилган тезкор тадбирлар жараёнида бир неча ойлар давомида «тадбиркорларга нисбатан товламачилик қилиб уларни қўрқув остида ушлаб келаётган йирик уюшган жиноий гуруҳ»нинг 10 нафар аъзолари қўлга олинган.

«Суриштирув, адвокатлар ва гувоҳлар билан суҳбатлардан сўнг маълум бўлдики, Дилшоджон Тўрахўжаев ҳақиқатан ҳам фуқаро кийимидаги жиноят қидирув бўлими ходимлари, қора махсус кийимдаги „ажал фаришталари“ ва терговчилар томонидан мажбурий кўрсатма олиш мақсадида қийноққа солинган. Адвокатларга кўра, унинг баданига электрошокер воситасида етказилган зарар сиз кўраётган расмларда ҳам акс этган. Унинг моматалоқ баданидаги жароҳатлар ҳануз кетгани йўқ», — дейилади жамият хабарида.

ИИВ гумонланувчининг танасидаги жароҳат изларига қуйидагича муносабат билдирди:

«Шу билан бирга, юқорида баён этилган жиноят ишлари бўйича гумондорларнинг айримлари мунтазам равишда спорт билан шуғулланиб келганликлари, илгари кўчада турли муштлашувларда қатнашганликлари аниқланган бўлиб, ҳозирда учинчи шахслар орқали илгари мавжуд бўлган жароҳатларини пеш қилган ҳолда, ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига нисбатан ишончсизлик ва носоғлом шов-шув уйғотиш мақсади кўзланаётганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд».

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.