Бахтиёр Саидов БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаб, бир қатор таклифларни билдирди
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессиясида нутқ сўзлади. Бу ҳақда ташқи ишлар вазири ўз Telegram-каналида маълум қилди.
“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг БМТ раҳбарияти, давлат раҳбарлари ва сессияда иштирок этаётган делегацияларга тинчлик ва фаровонлик эзгу тилакларини етказдик. Биз дунёнинг кўп нуқталарида нотинчликлар кучайиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Иқлим ўзгариши, камбағаллик, технологик номутаносиблик каби долзарб муаммоларни ҳал қилишда барчани яқинроқ глобал ҳамкорликка чақирамиз. Барқарор ривожланиш мақсадларига содиқлик ва Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда фаол иштирок этиш бизнинг асосий устувор вазифаларимиз бўлиб қолади”, — дейилади хабарда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон қуйидагиларни таклиф қилади:
— ривожланаётган давлатлар имкониятларини кенгайтириш мақсадида халқаро молия тизимини ислоҳ қилиш;
— барча учун хавфсиз, фойдаланиш мумкин бўлган рақамли технологиялар билан таъминлаш;
— иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича халқаро ҳамкорликни, айниқса Марказий Осиёнинг заиф минтақаларида кучайтириш;
— аёллар ва ёшлар имкониятларини кенгайтириш;
— терроризм ва корруптсияга қарши курашишда ҳаракатларимизни бирлаштириш;
— Марказий Осиё ва ундан ташқарида транспорт коридорлари ва иқтисодий алоқаларни кенгайтириш;
— Термиз шаҳридаги Афғонистон фуқаролари учун ўқув марказини Глобал ўқув марказига айлантириш.
Шарҳлар